ИБРАТЛИ ОИЛА - МАҲАЛЛА КЎРКИ
Килдон МФЙда энг яхши оилалар ҳақида гап кетганда биринчилардан бўлиб меҳнат фахрийси Ғани бобо Саримсоқовлар оиласи тилга олинади. Маҳалла фаолларидан бири бўлган Ғани бобо кўп йиллар давомида электр уста-нурчи бўлиб ишлаб, қишлоқ аҳолисини электр билан таъминлашда сидқидилдан меҳнат қилган ажойиб инсонлардан бири.
- Ғани бобо турмуш ўртоғи Шарифа момо билан турмуш қурганларига 57 йил бўлибди, - дейди Килдон МФЙ хотин-қизлар билан ишлаш ва оилаларда маънавий- ахлоқий қадриятларни мустаҳкамлаш бўйича мутахассис Нодира Раҳматиллаева. - Ўтган давр мобайнида улар тўрт қиз ва бир ўғилни оқ ювиб - оқ тараб, ҳамма ҳавас қиладиган қилиб вояга етказдилар. Бугунги кунда ўғиллари Бахтиёр, қизлари Лола, Ҳайитгул, Лайло, Озодалар олий маълумотли ўқитувчи. Улар турли мактабларда ёш авлодга таълим-тарбия беришмоқда.
Ғани бобо ва Шарифа момо атрофида эса 17 нафар бири-биридан ширин неваралари парвона. Тўнғич невараси Диёра ҳам олий маълумотли ўқитувчи сифатида мактаб ўқувчиларига таълим-тарбия бермоқда.
Маҳалладаги тўй ва маъракалар Ғани бобо ҳамда Шарифа момолар маслаҳати билан ихчам, ортиқча исрофгарчиликсиз ўтмоқда. Ғани бобо маҳаллада фахрийлар кенгаши ва яраштириш комиссияси аъзоларига қимматли маслаҳатлари билан ёрдам бериб келмоқда. Ажрим ёқасида турган оилаларни тўғри йўлга бошқаришда ҳаммага ўрнак бўлмоқда.
Раббим ҲОТАМОВ,