Хўжабачча МФЙ ҳудудидаги Нурафшон қишлоғида яшовчи фуқаро Эгамберди ака Ашуров ўзининг меҳнатсеварлиги, камтаринлиги, ташаббускорлиги билан маҳалладошлари ва қишлоқдошлари ҳурматига сазавор бўлган ажойиб инсонлардан бири. У бир умр далада деҳқончилик қилиб, қишлоқ ободончилигига муносиб ҳисса қўшиб, жонкуярлиги билан эл назарига тушди.
Айни пайтда пенсияда бўлишига қарамасдан доно маслаҳатлари биланқишлоғида бўлиб ўтадиган тўй-маъракаларни ихчам, спиртли ичимликсиз ўтказишга, қишлоқ ободончилиги ишларига бошчилик қилади.
- Эгамберди ака ҳам ҳамма орзу қилган муборак ҳаж сафарига бориб келишни ният қилиб юрган эди, - дейди қишлоқ оқсоқолларидан бири Ҳасан бобо Саидназаров.
- Навбати келганда, ҳаж сафарига боришни рад этди. Ҳамма \ҳайрон бўлиб қолди. Нега? ...
- Қишлоғимиздаги Нурафшон қабристони 1924 йилда ташкил топган бўлиб, 0,65 гектар майдонни эгаллаган Дониёр пайғамбар тепалигида жойлашган, - дейди қабристон назоратчиси Эгамберди Ашуров. - Ривоятларга қараганда, Буюк ипак йўли шу қишлоғимиздан ўтган бўлиб, Соҳибқирон Амир Темур бобомиз Дониёр пайғамбар жасадини Самарқандга олиб келаётганда, кеч қоронғулик тушиб қолганлиги сабабли шу тепаликда бир оқшом тунаган экан. Шундан буён бу тепалик Дониёр пайғамбар тепалиги деб аталади.
Мана шу муқаддас жойда менинг катта ота-боболарим, момоларим, ота-оналарим, яқин қариндошларим қўним топган. Бир пайтлар юртимиз қабристонлари эътиборсизликдан оёқ остида қолиб, мол боқиладиган, тўрт томони очиқ, ташландиқ ва қўрқинчли аҳволда бўлган.
Мустақиллигимиз асосчиси бўлган Биринчи Президентимиз Ислом Каримов ташаббуси билан қабристонларга катта эътибор бериладиган бўлди. Кўп қатори мен ҳам муборак ҳаж сафарига бориб келишни дилимда тугиб, ният қилиб юрган эдим. Қабристонларни ободонлаштириш ҳақидаги Президент қарорларидан сўнг муборак ҳаж сафарига бораман деб, йиғиб юрган пулларимни кўз ўнгимда харобазорга айланган ушбу қабристонни ободонлаштиришга бел боғладим. Бу қароримни маҳалла оқсоқоллари қўллаб-қувватлашди. Кўплар яхши қилибсиз, дейишди. Айримлар:
Э- э, мазза қилиб муборак ҳаж сафарига бориб келиб, катта ҳожи бобо бўлиб, тўй-маъракаларнинг тўрида виқор билан ўтирсангизбўлмайдими, - деганлар ҳам бўлди.
Ким нима деса-деди. Лекин, Эгамберди ака ўз аҳдидан қайтмади. Дастлабки ишни қабристон атрофини симтўр билан ўрашдан бошлади. Қабристонга кириш қисмига дарвоза ўрнатиб, 50 метр масофада чиройли қилиб девор кўтарди. Қабристон ичкариси ва ташқарисидаги йўлакларга плиталар ётқизилди. Арча дарахтлари ва анвойи гуллар экилди. Зиёратга келиб-кетувчилар учун ҳамма шароитлар яратилди. 200 метр масофадан тоза ичимлик суви эгилувчан қувурлар орқали олиб келинди. Ҳар бир қабр атрофи ободонлаштирилди.
- Шу ерларни обод қилган Эгамбердининг отасига раҳмат, - дейишмоқда зиёратга келиб-кетувчилар.
- Бу ишларда ўғлим Дилшоджон ва қишлоғимизнинг қўли гул усталари, оқсоқоллари, фаоллари ҳашар тариқасида менга катта мадад бўлиб туришди. Кўрса кўз қувонадиган бу ободончилик туфайли зиёратчилар сони кундан-кунга кўпайиб бомоқда. Бу ишлардан сўнг елкамдан бир тоғ ағдарилгандай бўлди, - дейди Эгамберди Ашуров.
- Эндиги орзуим эса муборак ҳаж сафарига бориш.
Раббим ҲОТАМОВ.