"Излаган имкон топади", деб бежиз айтилмаган. Фақат ғафлат уйқусидан уйғониб, ҳавас билан изланиш, ҳаракатда бўлиш керак. Ҳозир изланиб, имкониятлар, имтиёзлардан кенг фойдаланиб, ўз оиласини, ишсиз юрган хотин-қизларни ишга жалб қилиб, уларни ҳам тикувчилик сир-асрорларини билишлари учун ўқитиб, моҳир тикувчилар бўлиши учун амалий фаолият олиб бораётган чевар келинларимизнинг даврга ҳамнафас бўлиб, ғайрат билан олдинга интилаётганликлари мақтовга, “ҳалолинг бўлсин!” деган олқишларга лойиқ. Гап кимнинг устида кетмоқда ? - дейсизми? Сулувқўрғонлик тадбиркор келин Сарвиноз ҳақида бормоқда.


Қайнона Зарифа опа келинининг уддабуронлиги, оиласи учун тиниб-тинчимаслиги, қўлидаги гулдай ҳунарини бошқаларга ҳам ўргатишини, уларнинг ҳам ўзи каби чевар бўлишлари учун ҳаракат қилаётганлиги, ҳам рўзғор ишига, ҳам фарзандлари тарбиясига эътибори, ҳам чеварлик юмушларига, мол-ҳолга қараш, чой-овқати ҳам ўз вақтида бўлиши учун вақт топаётганини мароқ билан гапириб берди.

Ҳозирда маҳалламиздаги “Аёллар дафтари” рўйхатида турувчи 10 нафар аёлларнинг билимини ошириш, уларнинг бандлигини таъминлаш, тикувчилик касбини ўргатиш ишларига ўзининг муносиб ҳиссасини қўшиб келмоқда. Режа асосида аёллар 4 соат ўқитилади, 3 соат тикув машиналарида амалий машғулот ўтказишади.

Сарвинозни шиддат билан отилиб чиқаётган булоқ сувига ўхшатаман. Унинг ўз олдига дадиллик билан аниқ мақсад қўйганлиги, шу мақсадини амалга ошириш учун тиниб-тинчимаслиги, яқин ойлар ичида тикув цехи учун 2 қаватли бино қурмоқчилигини, унинг бу ишини турмуш ўртоғи ва қайнонаси қўллаб-қувватлаётганлигини жўшиб гапириб бериши менда ҳавас уйғотди. Сарвинознинг бу ишларни амалга оширишида амалий ва маънавий ёрдам бераётганлигимдан ўзим ҳам қувониб кетаман. Шижоатли ёшлигимга қайтаман.
Ўзи кашф этаётган чўққисига жон-жаҳди билан тиришиб-тирмашиб чиқаётганлиги, чўққи эса ўзига тобора чорлаётганлигини хаёлан чизаман. Сарвинознинг яхшилик ва эзгулик йўлида олиб бораётган ишларига чин дилдан хайрихоҳман.
- Менга давлатимиз раҳбарларининг хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш тўғрисидаги қарорлари куч бағишлади, - дейди кулиб тадбиркор аёл Сарвиноз. - Бор вужудим билан шу ишга қўл урдим. Мени қўллаб-қувватлаган турмуш ўртоғим, қайнонам, маҳалламиз маслаҳатчиларидан миннатдорман. Оддий бир келин сифатида оиламиз, қишлоғимиз, маҳалламиз, бепоён юртимизнинг бағри кенг халқи учун элим деб, юртим деб, ёниб ишлашга қарор қилдим...
Сарвиноз Самарқанд шаҳридаги “Бибихоним” фирмаси раҳбари Сайёра Салимованинг маслаҳатлари асосида, у киши билан ҳамкорликда фаолиятини кенгайтириш ва шартнома билан тикувчиликни ривожлантирмоқчи. Фирмадан хом ашё қабул қилиб, уни тайёр маҳсулот шаклида қайтаришни йўлга қўймоқчи. Бу билан тикувчиларнинг ойлик маошларини белгилашни режалаштирмоқда. Сарвинознинг ҳамманинг кўзини қувонтириб, аёлларимизнинг янада гўзаллигини ошириш мақсадида тикаётган замонга хос миллий кийимлари, либослари жаҳон кўргазмаларидан муносиб жой олади, деган умиддамиз. Энг асосийси, маҳалламиз аёлларининг оилаларига даромад келтираётган баракали ва файзли ҳунарларига кўз тегмасин, яратганниг ўзи омадларини берсин.
- Сарвиноз опа бизга тикувчилик сирларини ўргатиш билан бирга келинлик маданияти ҳақида ҳам ўзининг қимматли маслаҳатларини бериб бормоқда, - дейди тикувчилик сирларини ўрганаётган шогирдларидан бири Гулбаҳор Бегалиева. - Қисқа вақтда тикув машинасида тикишни ўрганиб олдик. Энди ўзим бемалол тикаоламан. У кишига ҳаммамизнинг ҳавасимиз келади. Тикувчилик бўйича таълим олиб, амалий ишларни ўрганаётган маҳалламиз ҳотин-қизлари номидан Сарвиноз опага катта миннатдорчилик билдирамиз.
- Шу келинимиз шарофати билан уйларимиз обод, турмушимиз фаровон бўляпти, -дейди Сулувқўрғоннинг тадбиркор келинчаги Сарвинознинг қайнонаси Зарифа Раупова. -Умридан барака топсин. Невараларим Ҳадяхон ва Яҳёжонлар менинг атрофимда парвона. Худога шукур, ҳамма қўшниларимиз келинимга, оиламизга ҳавас билан қарашади. Биз учун бундан ортиқ бахт бўлмаса керак.
Санобар МАМАДАЛИЕВА,
Сулувқўрғон МФЙ раисининг оила, хотин-қизлар ва
ижтимоий-маънавий масалалар бўйича ўринбосари.