- Излаган имкон топади, - деб бежиз айтилмаган. Маҳалламиз фуқароси Санам опа Эшбекова ўзининг меҳнатсеварлиги биланҳурматга сазавор бўлган фидоий аёллардан. Опанинг оиласи беш кишидан иборат. Оиладагиларнинг ҳаммаси иш билан банд. Эрта баҳордан бошлаб тўрт сотихли томорқада иш қайнайди. Оила аъзолари бир ёқадан бош чиқарган ҳолда меҳнат қилишиб, биринчилардан бўлиб ерга барака уруғини қадашади. “Эрта эксанг, эрта ўрасан”, деганларидай опа етиштирган помидор, бақлажон, карам, булғор қалампири каби кўчатлари ва турли хил кўкатлари биринчилардан бўлиб бозорга чиқарилади. Опа етиштирган кўчатлар маҳаллада ҳам, қўшни Ўсмат бозорида ҳамда туманимиз бозорларида ҳам қўлма-қўл бўлиб кетади. Кўчатлар бақувватлиги, серунумлиги билан ҳам харидоргир.
Санам опа “Фаол тадбиркорлик, инновацион ғоялар ва технологияларни қўллаб- қувватлаш йили”да бутун куч-қувватини ерга берганлардан. Томорқа ишларини ўғиллари Ғуломжон, Ғиёсбек, келинлари Мафтунаойлар билан бирга бажаришади. Самарали меҳнатлари эвазига дастурхонлари тўкин-сочин, оилалари “энг намунали оила”лардан бири ҳисобланади.
– Ён қўшнимиз Санам опанингмеҳнатига ҳавас қиламиз, - дейди қўшниси Майрам Худойбердиева. - Кўчатлардан бўшаган ерларига такрорий экинлардан картошка, помидор, бодринг, карам, бақлажон каби сабзавот экинлари экишади. Ана шу ҳалол меҳнатлари эвазига йилига 7-8 миллион сўм даромад қилишади. Томарқа даромади ҳисобидан уйлари замонавий таъмирланди, машина олишди. Эндиги даромад ҳисобидан тўй қилиш ниятида.
Пул топаман, деб ўзга юртларда сарсон-саргардон бўлиб юрган хотин-қизларимиз Санам опадек меҳнат қилишни ўргансалар яхши бўларди. Фақатгина ҳавас эмас, шу оила аъзоларидан ҳаммамиз ўрнак олсак нур устига нур бўларди. Биз ҳам у кишидан эрта туриб, меҳнат қилишни ўргандик. Қайнона ҳам, келин ҳам, шу оила аъзолари ҳам доимий иш билан банд. Аҳил-иноқлик, оила фаровонлиги, тинчлиги, хотиржамлиги, уст-бош бутлиги, қорни тўқлигининг асоси ҳам мана шу меҳнат эканлигини асло унутмаслигимиз керак.
Раънохон МУБОРАКОВА,
Чангал-1 МФЙ хотин-қизлар ишлари
ва оилаларда маънавий-ахлоқий
қадриятларни мустаҳкамлаш
бўйича мутахассиси.
Суратда: тадбиркор аёл Санам опа (ўнгда) ва келини Мафтуна Намозова томарқада етиштирилган сабзавот кўчатлари билан.