“Халқ билан мулоқот” ғоясини бош мақсад қилиб олдик. Аниқланаётган муаммоларнинг асосий сабаблари оилада эр ёки хотиннинг ишсизлиги, уй-жойга эга эмаслиги, қариндош ва қўшнилар ўртасидаги келишмовчиликлар, эр ёки хотиннинг чет давлатга кетиб қолишидир. Ажримларга эса қайнонанинг ортиқча талабчанлиги, ёшларнинг оилага енгил қараши, сабрсизлик, муросасизлик сабаб бўлмоқда.
Кейинги пайтларда йигит-қизларни оила қуришга тайёрлаш борасида давра суҳбатлари ўтказилмоқда. Ота-боболаримиз келин туширгач, қирқ кун чилла сақлаган. Қайнона келинини ёнига олиб, насиҳат қилган. Афсуски, бугунги кунда бунга кўпам эътибор берилмаяпти. Маҳаллада кўпни кўрган нуроний кишилар билан биргаликда ҳаракат қилиш фойдадан ҳоли эмас. Бизнинг маҳалламизда “Қайноналар кенгаши” томонидан “Муқаддас оила” ғояси асосида “Бахтли оила”, “Муқаддас оила”, “Мустаҳкам оила” ҳамда “Намунали оила” тушунчаларининг мазмун-моҳияти юзасидан суҳбатлар ўтказиляпти. Натижада “Хўжабачча” маҳалласидан келин бўлиб тушган Шоҳиста Қувондиқова отасининг уйига бир нафар фарзандини олиб, аразлаб кетганда уни қайтаришга, эри ва қайнота-қайнонаси билан яраштиришга эришдик. Яна бир шунга ўхшаш ҳолат: “Сарипичоқ” маҳалласига келин бўлиб тушган Шоҳсанам Вакилова ҳам бир нафар фарзанди билан отасининг уйига келиб қўйганди. Уни ҳам олиб бориб, яраштириб келишимизга тўғри келди.
Оилада маънавий муҳитни барқарорлаштириш, ажримлар олдини олиш борасида олдимизда турган бир қанча ишларни амалга оширишга янада жиддийроқ киришишимиз зарур, деб ўйлайман.
Моҳигул МЕЛИҚУЛОВА,
“Чорбоғ” МФЙ хотин-қизлар билан ишлаш,
оилаларда маънавий-ахлоқий қадриятларни
мустаҳкамлаш бўйича мутахассиси.