Фикри бузуқ фирибгарлар мунтазам бировларни чув тушириб, текин моддий бойлик орттиришни мақсад қилиб юришади. Йўлида учраган кишини авраб-алдашга уринади, пайт пойлайди, мавриди келса ҳар қандай “рол”га киришади.
Шуҳрат Нурбоев (исм-фамилия ўзгартирилган) ана шундай фирибгарлардан. У бир неча йилдан буён пенсияда. Унинг айни ёшларга ибрат бўладиган, яхшилик ва ёмонлик, ҳалоллик, поклик ва эзгулик ҳақида панд-насиҳат қиладиган пайти.
Бир куни маҳалла марказида дўкон айланиб юрганида Темур исмли киши билан танишиб қолиб, гап орасида унинг иссиқхона ва товуқхона қуриш учун қулайроқ жойдан ер излаб юрганини эшитиб, қандай бўлмасин бу одамни “қармоқ”қа илинтириб, мўмайгина даромад орттириб қолишни ўйлай бошлади. Шуҳрат аканинг ўғли фермер хўжалиги раиси. Ўзи вақти-вақти билан хўжалик далаларини айланиб, ўғлига деҳқончилик бўйича йўл-йўриқ кўрсатиб туради.
- Мен фермер хўжалиги раисиман, агар сизга маъқул келса хўжалигимдаги суғориладиган ердан 3 гектарини беришим мумкин, - деди Шуҳрат ака Темурнинг қўйнига қўл солиб.
Айтилган жойни бирга бориб кўришди. Ер Темурга ёқди. Иккаласи 3 гектар унумдор, суғориладиган ерни 11. 000 АҚШ долларига савдолашишди.
- Менга ер ҳам, нархи ҳам маъқул, фақат келишилган пулнинг 6.000 АҚШ долларини эртага, қолганини йил якунида бераман, маъқулми? - деди Темур.
Иккаласи келишишди. Эртаси куни Темур Шуҳрат акага пул тайёр эканлиги, иссиқхона, товуқхона ва молхона қурилишини бошлаши кераклиги, бунинг учун ерга эгалик ҳуқуқини берувчи ҳужжатларни номига расмийлаштириш лозим эканлигини айтганда, Шуҳрат ака унга:
- Ука сиз қурилишни бошлайверинг, мен 2-3 йил ичида кадастр идорасида ишлайдиган танишларим орқали ҳужжатларни сизнинг номингизга расмийлаштириб бераман, бундан кўнглингиз тўқ бўлсин, - деди.
Темур унинг гапларига ишониб, яхши ва арзон жойдан қуруқ қолиб кетмаслик учун туман марказида Шуҳрат ака билан учрашиб, келишилган 6.000 АҚШ долларини бераётган вақтда туман ИЖҚК Департаменти ходимлари томонидан уларнинг ноқонуний фаолиятига чек қўйилди.
Суд судланувчи Шуҳрат Нурбоевни Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 25, 168-моддаси 3-қисми “а” банди билан айбдор деб топиб, базавий ҳисоблаш миқдорининг 100 (юз) баравари, яъни 22.300.000 (йигирма икки миллион юз минг) сўм миқдорида жарима жазоси тайинлади.
Ҳусниддин РАЗИҚОВ,
Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси
ҳузуридаги ИЖҚК Департаменти туман бўлими бошлиғи.