Ҳали ўспиринлик давридаёқ далада меҳнатда суяги қотган Ўролбой Исматиллаев ўрта мактаб ва билим юртини тугатгач, 1999 йили ўзи истиқомат қиладиган “Ғўбдин” хўжалигига қарашли ерлардан 5 гектар ер олиб, фермер хўжалиги ташкил қилди. Ўша пайтда у тумандаги энг ёш фермерлардан бири эди. Ерга, экинларга қандай ишлов бериш кераклигини яхши ўзлаштириб олган бўлсада, ҳали фермерликнинг масъулияти-ю, олдинда турган қийинчиликлар ҳақида унчалик тасаввурга эга эмасди. У пайтларда имкон топган киши борки, фермер хўжалиги ташкил қилиб, ўзларининг ижара шартномасидаги ерларга эгалик қилиб қолишни мақсад қиларди. Ер билан тиллаша олмаган, номигагина фермерликни ташкил қилганларнинг кўпчилиги олган уруғларни, экин майдонларига озиқлантириш учун бериладиган минерал ўғитларни, техникаларда фойдаланадиган ёнилғиларни кўзланган мақсадлар учун ишлатмасдан, ўз шахсий эҳтиёжлари учун ишлатиб юборишди. Натижада, маҳсулотлардан кўзланган миқдордаги ҳосилни ололмай, давлат буюртмаларини, белгиланган шартномаларни бажаролмай, қарздор бўлиб, ернинг мелиоратив ҳолатларини ҳам ишдан чиқариб, фермер хўжалигини тугатишгача боришди. Ўролбой, гарчи қийинчиликларга дуч келсада, бундан чўчимади. Мақсади сари дадил одимлади. Тўғри, унга ҳам ўша пайтларда уруғ ва ёнилгиларни сотиб, даромад қилиб қолишни маслаҳат қилганлар топилди. Лекин... у бундай қилмади.
Ғайрати жўшган ёш фермер далага, ерга, экинларга меҳр қўйди. Чин дилдан меҳтат қилди, ерни алдамади. Натижаси ҳам шунга яраша бўлди. Мана, йигирма йилдирки Ўролбой ҳар йили давлат буюртмаларини, белгиланган шартномаларни ортиғи билан бажариб келмоқда. Қилган даромади ҳисобидан уй қурди, тўй қилди. Оиласига “Дамас” русумли автомобиль, фермер хўжалигига “МТЗ-80” маркали трактор, тележка ва тиркамалар сотиб олди. У кам бўлгани йўқ. Бугун бу фермер хўжалиги дала ва боғларида бўлган киши амалга оширилаётган ишларнинг натижасини кўриб баҳри-дили очилади. Гарчи кун совуқ, қиш кунлари бўлсада, хўжалик боғзорларида иш авжида. Муҳаммад, Сарвар ва Акбар каби хўжалик аъзолари ҳозир ҳам ҳар бир дарахт тагига маҳаллий ўғит сепиб, уни тупроқ билан аралаштириб юмшатишмоқда. Бу эса ҳам намликни сақлайди, ҳам озиқ бўлади. Шунингдек, хўжалик аъзолари ариқ-зовурларни тозалаш, боғ-қатор ораларидаги қуриб қолган хас-хашакларни бегона ўтлардан тозалаш ҳамда боғларни яхоб суви билан суғориш сингари ишларини ҳам бажаришмоқда.
- Муҳтарам Президентимиз ҳамда ҳукуматимизнинг биз фермерларга яратиб бераётган имкониятлари, шарт-шароитларидан келиб чиқиб мен ҳам фермер хўжалигимни кўп тармоқли фермер хўжалигига айлантириш мақсадида 2016 йилда қўшимча яна 4,7 гектар ер майдони олдим, - дейди биз билан суҳбатда Ў. Исматиллаев. - Хўжалигимдаги жами 9,7 гектар ер майдонининг 4 гектарини интенсив боғ қилиш мақсадида 2017 йилда ЎзТИФ Миллий банки туман филиалидан имтиёзли кредит асосида 14 миллион сўм маблағ олиб, шу йили куз ойида ҳар йили мўл ҳосил берадиган 2800 туп “Супер Голден” ва “Кримсон” навли маҳаллийлаштирилган, пакана бўйли олма кўчатлари экиб, боғ барпо этдик. Экилган кўчатлар бир йилда ўз натижасини берди. Жорий йилнинг ўзида ушбу интенсив боғдаги кўчатлардан бир тонна сифатли ҳосил олишга муваффақ бўлдик. Муддатидан илгари кредит маблағларини ҳам тўлаб қўйишга эришдик.
Фермер хўжалиги аъзолари фақатгина боғ юмушлари билан чекланиб қолганлари йўқ. Улар хўжалик қошида чорвачиликни ҳам йўлга қўйишмоқда. Ҳозир уларнинг ҳисобида сут ва гўшт маҳсулотлари етиштириш учун мўлжалланган 10 бош қорамол парваришланмоқда. Бундан ташқари, 50 бош парранда ҳам мавжуд. Улар келгусида қорамоллар сонини 30 бошга ва паррандалар сонини ҳам 300 бошга етказишни мақсад қилишган.
Маълумки, ўтган 2017 йилда об-ҳаво ноқулай келганлиги боис кўпчилик ҳўжаликлар майдонларидаги боғларда дарахтлар мева тугмади. Буни боғбонлар турлича изоҳлашди. Бироқ Ўролбой ўша йили ҳам қишда боғдаги олма дарахтларини яхоб суви билан тўйинтирди. Натижа эса ёмон бўлмади. У шу йили 20 тонна сархил олма йиғиштириб олиб, қўшни Жомбой туманидаги меваларни сақлаш омборхонасида сақлаб, қиш кунларида ҳар бир килограммини 7-8 минг сўмдан сотиб даромад қилди. Бу йил эса 20 тонна олма маҳсулотларини мева қуритиш корхоналарига, 20 тоннасини қўшни Жомбой туманидаги мева сақлаш омборхоналарига жойлаштиришди.
Айни пайтда боғ қатор оралари техникалар ёрдамида сифатли қилиб ҳайдалган. Хўжалик аъзолари бу ерларга ҳар йили ловия, помидор, сабзи-пиёз экишади. Уларнинг мақсадлари улуғ.
Мақсади сари дадил қадам ташлаётган “Дувлон ота” фермер хўжалиги раиси Ўролбой Исматиллаевнинг режалари улкан. У келгусида қўшимча ер олиб, хўжалигини янада кенгайтишни мақсад қилган. Қўшимча ер майдонларига эса сувсизликка чидамли бўлган ёнғоқ навларидан экиб, янги ёнғоқзорлар барпо этиш, мева сақлаш учун мўлжалланган замонавий омборхона қуриш ва шулар эвазига янги иш ўринлари яратишни мақсад қилган. Биз ҳам уларнинг халқимиз дастурхонини сархил мева ва сабзавотлар билан тўкин қилишларида куч-қувват тилаймиз.
Тўлқин НУРАЛИЕВ.
Суратда: “Дувлон ота” фермер хўжалиги раиси Ўролбой Исматиллаев ишчиларининг бажараётган ишларини кузатмоқда.