Дилбар фермер... Бу номни кўп эшитар эдим-у, лекин ўзини кўрмаганим боис танимас эдим. Кейинчалик фермер бўлганлигим учун йиғилишларда узоқдан бўлса-да кзим тушар, аммо ҳамсуҳбат бўлмагандим. Жамоатчи мухбирлигимни билган “Зарафшон” агрофирмаси раиси Шавкат Хушвақтов бир куни таклифини айтиб қолди:
- Илғор фермер сифатида Дилбар опанинг иш фаолияти ҳақида газетада ёзсангиз. Ўзи камтар, ишчан, илғор фермерларимиздан у киши. 85000 доллар имтиёзли кредит олиб, “Килдон” ҳудудида 300 тонналик замонавий мева сақлаш омборини қуриб битказди. Керакли ускуна ва жиҳозлар ўрнатилиб бўлганидан сўнг 2019 йилда ишга туширилади.
2018 йилнинг ўзида Дилбар Жалилова бошқараётган фермер хўжалигининг умумий даромади 187 миллион сўмни ташкил этди. Биргина ғаллачиликдан олинган даромад 52 миллион сўм бўлди. Бир йиллик айланма маблағ миқдори 86 миллион сўмга етди.
Мен раисга хўп, деб ваъда бердим ва Дилбар Жалилованинг фаолиятини газетада ёритишни режалаштирдим.
Унинг фермер хўжалиги йўлга туташ экан. Туман марказидан қайтаётганимда ғалла экаётганини кўриб, “ҳорманг” дея сўрашдим ва мақсадимни айтдим. Нафақага чиққунга қадар ўқитувчи бўлиб ишлаган фермердан тез, аниқ ва лўнда жавобларн олдим. Суҳбатини эшитиб, одамларнинг мақтовларида жон борлигига амин бўлдим.
1980 йилда Тошкент давлат университетининг география факультетининг димломини олиб, 13-мактабда дарс берган Дилбар Жалилова мустақиллик йилларида 16 гектар ер олиб, фермерлик фаолиятини бошлади. Ишга дастлабки чоғларданоқ астойдил киришиб, дала-деҳқончилик сирларини, қандай иш юритса яхши даромад олиш мумкинлигини қунт билан ўрганди ва амалиётида қўллай бошлади. 4 ўғил ва 3 қизнинг онаси бўлган бу аёл фарзандларини ёнига олиб, эрта-ю-кеч меҳнатга ўргатди.
- Фермерлигимдан фахрланаман, - дейди Дилбар Жалилова ғурур билан. – Режаларимизни бажариш билан бирга оиламиз иқтисодини ҳам мустаҳкамлаб олдик. Фарзандларимни шартнома асосида ўқитиб, олий маълумотли қилдим. Бугунги кунда улар турли соҳаларда меҳнат қилишаяпти.
Унинг тўнғич ўғли Жаҳонгир ҳарбий, Шохруҳ пойтахтда кадастр соҳасида ишлайди, Амир инновация соҳаси ходими, Дилноза Тошкентда олий ўқув юртида илмий ходим, Нилуфар иқтисодчи, Жалолиддин тиш шифокори, Шоҳсанам чет тилла институти талабаси. Ишда яхши натижаларга эришаётган фермер уларнинг олий маълумот олишида ҳам яқин суянчиқ бўлган.
Олинган даромадлари ҳисобига фермер хўжалигининг моддий-техник базасини ҳам мустаҳкамлаб бораяпти. Бугунги кунда ғалла ўриш комбайни, трактори, ерга ўғит сепадиган механизми бор. Эришаётган ютуқлари эса давлатимиз томонидан муносиб тақдирланиб келинаяпти. У Мустақллигимизнинг 20 ва 25 йиллиги кўкрак нишонлари ва бир нечта фахрий ёрлиқлар билан тақдирланган. Туманда “энг илғор фермер” номинацияси ғолиби бўлган Дилбар Жалилова шу йил “Тадбиркор аёл” танловининг вилоят босқичида биринчи ўринни олиб, 19 ноябрда пойтахт Тошкент шаҳрида ўтказиладиган республика босқичида қатнашади.
Дилбар Жалилова халқ депутатлари туман Кенгашининг депутати сифатида ҳам фаолият олиб бораяпти. Унинг таклифи асосида 13-умумтаълим мактабида қўшимча синфлар учун янги бино қурилиб, ишга туширилди ва замонавий жиҳозланди. Мўғол қишлоғининг қоқ ўртасидан ўтган йўлнинг 2 километр қисми асфальтланиб, таъмирланди. Шунингдек, депутат сифатида хотин-қизлар, кекса-ёшлар ўртасида фойдали тарғибот-тушунтириш ишлари олиб боради. Қисқаси, унинг иш фаолияти нафақат биз фермерлар, қолаверса барча учун ибрат мактабидир.
Ҳамроқул МАҲМУДОВ,
“Мирзабоши Имкон Улуғбек”
фермер хўжалиги раиси.