Об-ҳаво салқинлашиб, кузнинг илиқ шабадаси эса бошлаган кунларида узоқдаги қариндошларидан вақтида хабар ололмаган Усмон (исмлар шартли) ишлари бироз енгиллашганидан сўнг соғинган ошна-оғайнилари билан дийдорлашиш мақсадида шахсий “Captiva” русумли автомашинасида Самарқанд шаҳри томон йўл олди. Асли касби хонандалик эмасми, радиодан таралаётган қўшиқларга ҳамоҳанг куйлаб, атрофдаги хуш манзаралардан кайфияти чоғ ҳолда қадимий ва ҳамиша навқирон Самарқандга қандай етиб келиб қолганлигини ҳам сезмаган Усмон машина рулини эски шаҳардаги қадрдон дўсти Икромнинг уйи томонга бурди.
Кеч кириб, олис йўл юриб, бироз ҳориган бўлса-да, дўстлар тун ярмигача у ёқ-бу ёқдан суҳбатлашиб ўтиришди. Пойтахтдан йўлга чиққан Усмон кузнинг салқин шабадаси танага хуш ёққани боис, машина эшигининг ойнасини бироз тушириб қўйганди. Кечки салқинлик ўз кучини кўрсатди шекилли, унинг елкаларида бироз оғриқ пайдо бўлиб, ҳар замон қисқа йўталиб қўярди. Буни кечасиёқ сезган Икром дарҳол сўрашга истиҳола қилди. Эртаси куни дам олиш куни бўлганлиги боис ҳар доимгидек шаҳарнинг диққатга сазовор жойларини томоша қилишди. Соя-салқин ошхонада яна икки-учта дўстлари билан бир пиёла чой устида гурунглашди.
- Дўстим, бироз шамоллаган кўринасиз, мана бу думба ёғидан олинг, шифо бўлади, - деб узатди дўсти Бўрибой.
Усмон дўсти узатган ёғ бўлагини ола туриб:
- Тўғри айтасиз дўстим, кечқурун машина эшигининг ойнасини очган эдим, шундан буён аъзои-баданимда оғриқ сезаяпман, - дедиУсмон.
- Дўстим, мен сизга кетар чоғингизда бир дори бераман, уйга боргач бир-икки марта истеъмол қилсангиз бўлгани, танадаги нафақат шамоллаш, балки барча дардни олади, ишонаверинг, - деди Бўрибой.
Унинг бу гапларини бошқа дўстлари ҳам тасдиқлашди. Бўрибой ваъдасида турди. Кечга яқин йўлга отланган Усмоннинг қўлига кичиккина қилиб ўралган целлофан пакетчани тутқазди. У пакетчани олиб, қўл сумкачасининг ичига солиб, сумкачани машина салонига қўйди. Дўстлар билан хайрлашиб йўлга тушди.
Шу куни Булунғур туманидан ўтувчи М-39 “Тошкент-Термиз-Алма-ата” автомобиль йўли Юқори нуқта ЙПХ масканида Самарқанд вилоят Божхона бошқармаси ва ДХХ вилоят бошқармаси ходимлари иштирокида “Қорадори - 2020” тадбири ўтказилаётганди. Тадбир иштирокчилари ҳушёрликни ошириб, ҳар бир ҳаракатланаётган автомашинани диққат билан кўздан кечириб ўтказаяпти. Ҳали постга яқинлашгандаёқ хизмат итлари билан турган бир неча ходимларни кўрган Усмон хаёлида “ишқилиб тўхтатишмасин-да, мабодо тўхтатишганда ҳам топа олишмайди, ахир бу жуда кам миқдорда бўлса”, деган ўйда эди. Лекин... у ўйлаганчалик бўлиб чиқмади. “Қорадори -2020” тадбири иштирокчилари уни ҳам тўхтатишди. Тадбир иштирокчиларидан икки нафари келиб, Усмондан машинада ноқонуний нарса бор-йўқлигини сўрашди. Усмон ҳеч қандай ноқонуний нарсалар йўқлигини айтди. Шундан сўнг божхона органларининг гиёҳвандлик моддаларини топишга мўлжалланган хизмат ити ёрдамида автомашина ва Усмонга тегишли бўлган буюмлар кўздан кечирилганда хизмат ити автомашина қўл тормози устидаги қора рангли қўл сумкасига белги берди. Орган ходимлари холислар иштирокида сумкани очишганда ичидан шаффоф целлофан пакет парчасига ўралган тўқ жигар рангли, ўткир ҳидли, соф оғирлиги 0,46 грамм бўлган “опий” гиёҳвандлик моддаси борлиги аниқланди. Бунинг изоҳини сўраганда Усмон:
- Шамоллаб қолганлигим туфайли истеъмол қилиш учун бир дўстимдан олгандим, - деб тан олди.
Суд, судланувчи У. Отажоновга нисбатан жазо тайинлашда унинг айбига тўлиқ иқрорлигини, муқаддам судланмаганлигини, яшаш жойидан ижобий тавсифланишини ҳисобга олиб, уни Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 276-моддаси 1-қисми билан айбдор деб топиб, базавий ҳисоблаш миқдорининг 35 (ўттиз беш) баравари миқдорда, яъни 7. 805. 000. (етти миллион саккиз юз беш минг) сўм жарима жазоси тайинлади.
Равшан БАҲРИДДИНОВ,
туман прокурорининг катта ёрдамчиси.
Тўлқин ШЕРБОЕВ,
“Булунғур ҳаёти”нинг мухбири.