Кўр кўрни қоронғуда топади, деб бекорга айтишмаган экан. Оқил (исм-шарифлар ўзгартирилган) ва унинг жиноий шериклари икки ойда учта ўғирликни амалга оширишга улгуришди. Ҳаммаси Оқилнинг ҳамтовоғи Сирожнинг автомашина сотиб олишидан бошланди.
Ўтган йили картошканинг нархи анча қиммат эди. Булунғур туманининг кўпгина ҳудудларида аҳоли картошка етиштириш билан шуғулланишади. Агар мижоз билан келишилса истаганча картошка сотиб олиб, бошқа туманларга олиб бориб сотилса анчагина даромадли бўлиб қолиш ҳеч гап эмас. Мана шуларни ўйлаб бир амаллаб бироз пул тўплаган Сирож эски бўлса ҳам “Москвич” русумли “ИЖ-2715” маркали автомашинасини сотиб олиб, таниши Даврон билан қўшни Жиззах вилоятининг туманларига картошка олиб бориб сотиш билан шуғуллана бошлашди. Дастлаб уларнинг иши юришгандек эди. Йўл олислиги, устига-устак машина ҳам эски, таъмирталаб бўлганлиги сабабли ҳамда картошканинг нархи ҳам бироз тушиб кетганлиги боис даромаднинг чўғи пасая борди. Шундай кунларнинг бирида кечқурун Булунғур туманининг “Қирқшоди” маҳалласи ҳудудида жойлашган ошхонадаОқил, Даврон ва Нуробод туманида яшовчи Мўминлар билан учрашиб, тамадди қилиб бўлишганидан сўнг Сирож шерикларига шу кунларда ишлари бироз юришмай турганлиги, оилани тебратиш учун маблағдан қийналаётганлиги ҳақида гапириб, шу яқин атрофдаги қишлоқлардан бир-иккита мол ўғирлаб Нуробод туманидаги мол бозорларида сотиб даромад орттириш режасини билдирганида гуруҳдагилар бу таклифга бирваракайига дарҳол рози бўла қолишди. Тун алламаҳал бўлиб қолганлиги боис гуруҳдагилар бу режани шу бугун, ҳозироқ амалга оширишга келишиб олишди.
Мол ўғриларининг биринчи тузоғига илинган жабрланувчиси “Элобод” маҳалласининг “Хурми чангал” қишлоғида яшовчи фуқаро Бўстоной Жўраева бўлди. Ўғрилар шу куни кечаси Б. Жўраеванинг 2 бош қорамолини ўғирлаб Нуробод туманидаги мол бозорларида сотиб юборишди. Дастлабки “иш” хамирдан қил суғургандек ими-жимида битганидан руҳланишган ўғрилар орадан ўн кун ўтмасдан иккинчи “иш”ни бошлаб юборишди. Бу галги жабрдийда “Сулувқўрғон” маҳалласи “Солин” қишлоғидаги Юсуп Ризақулов бўлди. У ҳам икки бош қорамолидан айрилди. Учинчи бор ўғирликда эса бу ишнинг анча ҳадисини олган Сирож ўзининг ҳамтовоқларини “оши”га шерик қилишни истамади. Шу боисдан ҳам жорий йилнинг 19 январь куни ярим тунда ўзининг хонадонига яқин жойда яшайдиган амакисининг икки бош ёш ғунажинини машинасига яширинча ортиб, Нуробод туманининг “Жума бозори”га олиб бориб сотиб юборди. Ушбу ҳолат юзасидан ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ходимлари томонидан зудлик билан тадбир ишлаб чиқилиб, жиноятчиларнинг жинояти фош қилинди.
Суд ҳукми билан уларнинг барчаси муқаддам судланмаганлиги, яшаш жойидан ижобий тафсифланганлиги, қилган ишларидан чин кўнгилдан пушаймонликлари ҳамда келтирилган моддий зарарларни ўз вақтида тўлаганликлари инобатга олинди. Суд ҳайъати судланувчи Оқил Йўлдошевга Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 169-моддаси 2-қисмининг “в,г” бандлари билан ҳар ойда ойлик иш ҳақидан 10 (ўн) фоиз миқдорини давлат даромади ҳисобига ушлаб қолган ҳолда 2 (икки) йил муддатга ахлоқ тузатиш ишлари жазоси тайинланди. Оқилнинг бошқа ҳамтовоқларининг ҳар бирига эса 3-4 йилдан озодликдан чеклаш жазолари тайинланди. Ашёвий далил ва жиноят қуроли деб топилган “ИЖ-2715” русумли 30 J 742 АА давлат рақамли, 5. 251. 152 сўмлик автомашина давлат фойдасига мусодара қилинди.
Пул ҳар кимга ҳар куни керак. Лекин... пул учун ҳар ким ўзини ўтга-чўғга уриши шартми? Пулни, моддий маблағни тўғри йўл билан, меҳнати, ақлу-заковати билан топиб бой-бадавлат бўлаётганлар камми орамизда? Йўқ, Оқил, Сирож ва унинг ҳамтовоқлари гарчи қийинроқ бўлсада ҳалол йўл билан ишлаб эмас, балки нопок, ноқонуний йўллар билан бўлсада осонроқ ва тезроқ моддий бойлик орттириш илинжида қабиҳ, паст ва жирканж иллат саналмиш ўғриликни ихтиёр этиб, ўзгаларнинг мулкини яширин равишда талон-тарож қилиш йўлини танлашди. Натижада... маҳалла-кўй, эл-улус, қариндош-уруғ, таниш-билишлар орасида “ўғри” деган ном орттириб, юзлари шувит бўлди.
Хуршид СУБХОНҚУЛОВ,
вилоят прокуратураси
бўлим катта прокурори.