Роҳила бозорда бинойидек савдо-сотиқ ишлари билан шуғулланиб юрганди. Балоғат ёшида бўлганлиги боис у ҳам ишқ туйғусига гирифтор бўлди. Унинг Асрор билан “ишқ” ўйинини бошлаганларига беш йил бўлган. Аслида буни “ишқ” деб бўлмайди. Роҳиланинг ўз ҳирсини жиловлай олмай, қизлик шаъни, иффатини сақлашга эътиборсизлик қилгани, ўйламай босган илк қадами кетидан иккинчи ва учинчи хатолар келиб чиқиб, охир-оқибатда жиноятга қўл уриб, “бола ўғриси” деган номни орттириб олди. Унинг иснодга қолганлиги боис бугун оиласидагиларнинг бошлари эгик, юзлари шувит. Маҳаллада бош кўтариб юролмай қолишди.
Асрор Роҳиладан бир-икки ёш кичик бўлсада, бирор йил пана-пастқам, ҳилват жойларда, кечалари бурчак-бурчакларда пинҳона учрашиб юришди. Мана шундай кунларнинг бирида куз фаслида, тун ярмида, боғдаги учрашувларнинг бирида иккаласи ҳам... Бўлиб ўтган бу ишдан иккаласи ҳам пушаймон эмасди. Аксинча, келажак орзулари ҳақида ўша “машъум” тунда биргалашиб бир қанча келгусидаги орзулари ҳақида фикрлашди, вақти келиб турмуш қуришни режалаштиришди. Шу зайлда кунлар, кунлар кетидан ойлар, ойлар кетидан йиллар ўтди. Асрор эрта, индин деб, турли баҳоналар билан беш йилни ўтказиб юборди. Бу орада қизнинг ҳам, йигитнинг ҳам оиласидагилар уларнинг пинҳона учрашувларидан хабар топишди. Ҳар бир нарсанинг ибтидоси ва интиҳоси бўлганидек уларнинг “ишқ” саргузаштлари ҳам шу йил ёзда якун топди.
2018 йилнинг 15 июль кунги учрашувда Асрор Роҳилага уларнинг турмуш қуришига оила аъзолари қарши бўлаётганликлари сабабли уйлана олмаслигини айтди. Роҳиланинг бошидан бир челак муздек сув қуйилгандек бўлди. Тортишувдан наф йўқлигини ҳис қилган Роҳила шу лаҳзадан бошлаб қандай бўлмасин Асрорни ўзиники қилиб олиш режасини туза бошлади. Кўп ўйлади, ҳар хил режалар тузди, охири бир қарорга келди. “Асрорнинг жияни Паризодани ўғирлаб, гаров сифатида сақлайман. Сулҳ тузаман, ниятимга етганимдан сўнг уни қайтариб бераман. Энг мақбул ва тўғри йўл ҳам - шу”.
Орадан бир кун ўтиб бир танишидан Асрорнинг Россия Федерациясига кетиб қолганлиги ҳақидаги хабарни эшитиб, ўзининг олдиндан ўйлаб юрган жиноий режасини амалга оширишга киришди. Шу куни Роҳила кечаси билан уйқуси қочиб, ухлаёлмай чиқди. Тонг отишини сабрсизлик билан кутди, туни билан тўлғониб чиқди. Қани энди тезроқ тонг отса-ю, ўйлаган режасини амалга ошириб, Асрорни Россиядан қайтариб, ўзиники қилиб олса. “Тузган режам жуда пишиқ. Асрорни қайтариб олсам, болани қайтариб бераман. Улар боласини жонидан ортиқ кўрганлиги учун ҳам менинг барча шартларимга кўнишади. Бундан ҳатто ҳуқуқ органлари ҳам хабар топмай қолишади. Билганида ҳам улар айбдорлигини, Асрор менинг номусимга текканлигини, қизлик шаънимни булғаганлигини айтсам бас, менинг тарафимни олишади. Қонун мен тарафда. Тонг отсин, ишни хамирдан қил суғургандек уддалайман ва ниятимга етаман” деб ўйларди.
Тонг ҳам отди. Роҳила илгаридан таниши бўлган Дилшоднинг “Нексия” русумли машинасида Жомбой тумани марказидаги “Наврўз” номли 4-сон мактабгача тарбия муассасасига қараб йўл олди. Негаки у ерда Гўзал опанинг беш яшар қизчаси, яъни Асрорнинг жияни Паризода ҳам тарбияланувчи болалар қаторида эди.
МТМ ёнига барвақт етиб келган Роҳила бир четда машинада кутди. Холмўмин ака невараси Паризодани етаклаб, боғча опаси Нодирага топшириб кетди. Вазиятни кузатиб турган Роҳила бироздан сўнг боғчага кириб Нодирага:
- Асрор жўнатди, Паризодани бераркансиз. Катта онаси касал эди, оғирлашиб қолибди. Неварамни бир кўриб қолай дебди.
- Холмўмин ака ҳеч гап айтмадику, ҳай майли, мени Асрор билан телефон орқали гаплаштир қани, агар бу гап рост бўлса болани бериб юбораман, - дейди Нодира аввалдан таниш бўлган Роҳилага, бироз хавфсираб.
Роҳила олдиндан ўчириб қўйилган телефонини кўрсатиб, телефоннинг қуввати тугаб қолганлигини кўрсатди ва бунга уни ишонтирди. Шундан сўнг Нодира Паризоданинг қўлидан етаклаб олиб чиқиб, Роҳилага бериб юборди.
Иш бошланиши кўнгилдагидек кетаётганидан руҳланган Роҳила машинага ўтириб, ҳайдовчига “Бешбола” маҳалласи томонга юришини айтади. Маҳалла бекатига етиб келишгач ҳайдовчига:
- Сиз машинани бурилишдан қайтариб келгунингизча мен Паризодани онасига топшираман, - дейди. Машина кетгач Роҳила Паризодани олиб, йўлнинг у томонига ўтиб, бошқа автомашинага ўтириб “Оқолтин” маҳалласи томонга қараб жўнаб кетди.
Р. Абдуваҳобова олдиндан ўйлаб қўйган режасига асосан ўз қўл телефонидан фойдаланмайди. Шунинг учун “Оқолтин” маҳалласи ҳудудидан елдек учиб бораётган автомашина ҳайдовчисидан телефонидан бир зумга фойдаланишни илтимос қилди. Телефонни олгач Арслоннинг онаси Дилфуза опага телефон қилиб:
- Асрорни топдиларингми, Паризода билан хайрлаш, ҳозир уни ҳам, ўзимни ҳам ўлдираман, - дейди.
- Болада нима айб. Ўлдирсанг кел, мени ўлдир, лекин болани қайтар, - дейди боладан ҳавотирланиб Дилфуза опа.
- Сизлар ҳам қийналингизлар, энди мени ҳам, Паризодани ҳам бошқа кўрмайсизлар, - деб телефонни ўчирди Роҳила.
Машина маҳалладан чиққач Роҳила Паризодани олиб, машинадан тушиб қолди. Атроф кенг дала. Бу дала “Ғазира” ва “Сарипичоқ” маҳаллалари ҳудудига қарашли.. Улар ушбу пахта майдонларини оралаб, бир неча соатдан сўнг Булунғур туманининг “Бот-бот” қишлоғи ҳудуди чегарасига етиб келишди. Иккаласи ҳам ҳориган, очиққан, йўл юриб чарчашган. Қишлоқ ҳудудидан Булунғур ариғи оқиб ўтади. Четлари баланд-баланд тепалик ва жарликлардан иборат. Улар шу тепаликка чиқишди. Сўнгра Роҳила телефонни олиб яна Дилфуза опага:
- Бизлар Булунғурдамиз, жарликдамиз. Ўғлингизни топиб бериб, мен билан гаплаштиринг, бўлмаса Паризодани сувга ташлаб юбораман, - деб, алам билан Роҳила телефонни ўчириб қўйди.
Кеч бўлди, кун ҳам ботди. Роҳила Паризодани олиб, сой ёқалаб “Усмон Носир” маҳалласида яшовчи Қўчқор тоғасиникига қараб йўл олди. Улар бу ерга келмасидан олдин 4-МТМ ходимлари келиб, Қўчқор акадан жиянининг бир қизча билан келган-келмаганлигини суриштиришганлиги, жияни Роҳила боғчадан қизчани ўғирлаб кетганлигини айтганлигидан у бехабар эди. Қўчқор тоғаси ва Феруза янгаси унга бу иши номақбул эканлиги, ундан жиноят ҳиди келаётганлигини ва болани зудлик билан ота-онасига қайтариш лозимлигини уқтиришади.
Роҳила ҳам уларга Паризодани ўлдириш нияти йўқлигини, фақат Асрорни ёнига қайтариш ниятида шу ишни амалга ошираётганлигини айтди. Сўнгра Асрорнинг отаси Алишер акага телефон қилиб:
- Фарзанд азоби қийин эканми? Агар фарзандингиз Асрорни тезда Россиядан қайтариб, бизнинг тўйимизни қилиб бермасангиз, ҳозир сув бўйида турибмиз, ўзимга қўшиб Паризодани ҳам сувга ташлайман, - деб Алишер акани қўрқитди.
Алишер ака:
- Ундай қилма, ҳамма айтганларингни бажараман. Асрорни ҳам қайтариб, тўйларингни қилиб бераман. Сенга даъво қилмайман.
- Ундай бўлса ҳозир мен тоғамникидаман. Сиз келаверинг, мен кўчанинг нариги томонидаги қишлоқ қабристони ёнида неварангизни олиб чиқиб тураман.
Айтилган пайтда, айтилган жойга Алишер ака келди. Бироқ ИИБ ходими билан келди. Паризодани Алишер ака уйига, Роҳилани ИИБ ходими ички ишлар бўлимига олиб кетишди...
Суд судланувчининг муқаддам судланмаганлигини, турмушга чиқмаганлигини, содир этган жиноятининг ижтимоий хавфлилик даражасини ҳисобга олиб, Р. Абдуваҳобовага Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 59, 61-моддалари тартибида тайинланган жазоларни қисман қўшиш йўли билан, жиноятлар мажмуи бўйича узил-кесил 5 (беш) йил муддатга озодликни чеклаш жазоси тайинлади. Шунингдек, унга жазони ўташ даврида оммавий ва бошқа тадбирларда иштирок этмаслик, маҳкумларни назорат қилувчи органнинг розилигисиз яшаш жойини ўзгартирмаслик ва вилоят ҳудудидан ташқарига чиқмаслик каби қўшимча чекловлар ҳам ўрнатилди.
Шу ўринда бир мулоҳаза. Асрор билан Роҳиланинг беш йил мобайнида “дон олишиб” юрганликларидан наҳотки дўстлари, яқинлари, дугоналари, ҳамкасблари, қолаверса маҳалла-кўй, фаоллар бехабар қолган бўлишса? Агар вақтида улар ўз маслаҳатлари, ўгитлари, йўл-йўриқлари билан ёшларга кўмаклашганлирда эди, бугун Роҳила жиноятчига айланмаган, Асрорнинг оила аъзолари ва яқинлари маънавий зарар кўрмаган бўлишарди. Энг муҳими, ҳудудимизда битта бўлса ҳам жиноятнинг олди олинган бўларди, назаримизда.
Равшан БАҲРИДДИНОВ,
туман прокурори ёрдамчиси.
Тўлқин ШЕРБОЕВ,
“Булунғур ҳаёти” газетаси мухбири.