у илмий асосда излаб топилди
Агар сиз хам ўлкамиз тарихига қизиқиб, қадим Самарқанд шарқига оид китобларни ўқисангиз, улардаги Қатвон чўли, Қатвондиза, Қатвон работи деган номларни кўриб, улар қандай жой бўлди деб қизиқиб қоласиз. Чунки, улар бор ва бизлардан унча узоқда емас. Шунда ўз-ўзидан саволлар пайдо бўла бошлайди.
Эл орасида Қатвон номи хақида қандай ривоят юради?
Бу саволга Жиззахлик тилшунос олимлар - Б.Тўйчибоев ва Қ.Қашқирлилар ўзларининг "Зомин тил қомуси " китобида (Т, 2012, 26-б), бир нақл келтиришган. Унда айтилишича, "Александр Македонский (Искандар) Ушрусона (Қояли ўлка Самарқанд ва Шош орасида жойлашган тарихий вилоят)га эрамиздан аввалги 329 й. бостириб келганда (у даврларда бугунги Булунғур тумани ҳудудлари Ушрусонага қарашли бўлган) бу жойларда Қатвон деган киши хукмдор бўлган экан. У ўз лашкарлари билан босқинчиларга қарши жангда қаттиқ қаршилик кўрсатиб, кучлар тенг бўлмагани сабаб енгилади. Шунда у қолган жангчиларини бошлаб Зангал чўлига чекинади. Шундан бу чўл унинг номи билан Катвон-Қатвон чўли деб аталган", дейди. Демак, Қатвон киши исми.
Тўғри бу бир ривоят. Лекин, тўқилган ҳар бир ривоят тагида оз бўлсада маьлум бир тарих ва ҳақиқат ётади.
Қатвон номининг маьноси нима?
Энди Қатвонга жой деб қараб, унинг маьносига келсак, Қатвон (суғдча) - "очиқ жой", Қатвондиза (суғдча) -"очиқ жойдаги қалъача" дегани. Хўп, унда Қатвон работичи? Қатвон работи (суғдча ва арабча) - "очиқ жойдаги карвон сарой" деган изоҳга мос келади.
Хўш, унда Қатвон чўли, Қатвондиза ва Қатвон работларининг ўрни бугун қаерларга тўғри келади?
Баьзи тарихчи олимлар ўз китобларида Қатвон чўлини ҳозирги Мирзачўл деб ёзади. Бу менимча хато. Чунки, кўплар Мирзачўлни қадимда Зангал чўли деб аталган, дейди.
Хўп, унда Қатвон чўли қаерда?
Бундан 40-45 йиллар илгари бир китобда Булунғур ҳудудига тўғри келувчи жойда (берилган харитада) чўл белгисининг тасвирини кўрганим эсимда. Лекин, уни қайси китобда кўрганим эсимдан чиқиб кетибди. Шу сабаб китобларни қайта излай бошладим. Шунда навбатдаги "Ўзбекистон иқтисодий географияси"да (Т,1965,628-б) берилган "Зарафшон иқтисодий райони" харитасидан ҳозирги Булунғур (ўша вақтдаги Красногвардейск) шаҳри ўрнининг шимолий-шарқ томонида чўл яйлов белгиси тушурилган жойни яна топдим. У биз излаётган Қатвон чўли бўлиши мумкин. Чунки, Қатвон чўлини муҳаррирлар жамоаси А.Темур таваллудининг 660 йилигига бағишлаб ёзган "Амур Темур жаҳон тарихида" китобидаги (Париж, 1996 й.) "Географик ва топографик номлар изоҳи"да (244-б) "Булунғур дашти - Самарқанд яқинидаги жой " деб берган. Энди, баъзи тарихчилар дашт билан чўлнинг фарқига бормаслигини ҳисобга олсак, демак бу ердаги Булунғур дашти Булунғур чўли бўлиб чиқади.
Буни рус тарихчиси Бартольд ибн Хав-қолнинг "Ернинг сурати"да (Т, 2011, 303-б) берилган "Қатвон чўли Самарқанд шарқида Тошкўпирик (Булунғур) ва Янги кўрғон (Ғаллаорол) темир йўл бекатлари орасидаги Булунғур даштидир" деган жумласидан топдик. Уни яна Самарқанд шаҳрининг 2500 йиллигига бағишлаб ёзилган "Самарқанд тарихи" китобида (Т, 1971, 1-Т, 148-б) И.М. Мўминов берган мақоласида "999 йил Сомонийлар билан Қорахонийлар ўртасида бўлган келишувга асосан, улар ўртасидаги чегара Қатвон чўли (Ғаллаорол билан Булунғур ўртасида) бўлиб қолди", деб тўлдирган. Демак, биз юқоридагилар фикрлари асосида ишонч билан "Қатвон чўли Булунғур шаҳрининг шимолий шарқ томонидан бошланиб то ўаллаорол шаҳригача бўлган лалми жойларни ўз ичига олувчи лалмикор жойлардир " деб бемалол айтсак бўлади.
Хўп, унда Қатвон работи қаерда ва уни ким бино қилган?
Қатвон работининг ўрнини излаб, ибн Хавқолнинг "Ернинг сурати" китобида (303-б) берилган изоҳни синчиклаб ўкисак, унда "ас-Самонийга кўра, Қатавон ёки Қатвон Самарқандан 5 фарсах (40км.) масофада жойлашган катта қишлоқ бўлиб, уни Аҳмат Мусо ал-Ховосий исмли бир одам қурдирган" деб кенг берган изоҳни топдик.Тахминимизча ИХ асрга оид жой. (63-б)
Яна, Қатвонни Абу Тоҳирхўжанинг "Самария" китобининг (Т,1991 й.) изоҳлар қисмида С.Айнийнинг изоҳлашича, "Бу В.Бартольд томонидан тўпланиб, 1898 йилда Петербургда босилган "Туркистон" китобининг 56-саҳифасида "Самарқанднинг 5 ташлиқ узоқликда катта бир қишлоқдир", деб берган изоҳи олдинги топганларимизни ойдинлаштиради.
Хўп, у Самарқандан 40 км. узоқда бўлса, Булунғур туманида бўлиши аниқ, лекин у бугунги қаер? Шу ўй билан кўплардан ҳеч бўлмаса унинг қолдиқ ёки вайронасини кўрганмисиз? деб сўрар эдим. Бир кун гап орасида "Булунғур ҳаёти" газетасининг масъул котиби Пўлат ака Чўмбоев "Биз ёшлик чоғларимизда (1960 йиллар охири), қўй боқиб, бир нураб кетган жуда узун девор қолдиғи (тепаликка ўхшаш) атрофида ўйнаб юрардик, уни одамлар "Кампир девор" деб атар эди деб қолди. Бу менимча ўша Қатвон работи - Қатвон саройининг ҳимоя девори бўлган. Чунки, "Кампир девор" номининг маъноси "қадимги девор" деган маънони беради.
Кейин, "сиз уни қаерда кўргансиз?", деб сўраганимда "У ерлар текисланиб, экинзорга айланиб кетган", деди.
Хўп, тахминан биласизми?, деб яна сўраганимда, "Янгиариқ маҳалласининг шимолий-шарқий ҳудудида, ҳозирги Бот-бот канали яқинида", деб жавоб берди Демак, Қатвон работининг аниқ ўрни Янгиариқда, шевада Янги арк - Янги қўрғон бўлиши мумкин. Чунки, бу Қатвон работини эслатувчи ном. Шундай қилиб, агар кимни Қатвон работи ўрни қизиқтирса, Пўлат акадан илтимос қилиб сўраса, аниқ ўрнини кўрсатади.
Хўш энди Қатвондиза қаерда қолди?
Бу саволимизга яна ибн Хавқолнинг "Ер сурати" китобидан жавоб излаганимизда, бир-бирини тўлдирувчи иккита жавобларни топдик.
Биринчиси - "Мовароунаҳрдаги масофалар" мавзусида (33-б.) "Аборкатдан (қадимий, Шероз ўрнида бўлган - С.Ж) Қатвондизагача бир мархала (40 км.) юрасан" деб ёзилган. Уни изоҳлар қисмидан излаганмизда (303-б.) "Қатвон қишлоғи Жиззах вилоятидаги Ғаллаорол темир йўл бекати атрофида жойлашган" деб берилган.
Иккинчиси - ўзимизнинг таҳлил бўлиб, У Шероздан бир кунлик (40 км.) йўл бўлса, албатта, Ғаллаоролда деган хулосага келдик. Буни эшитса Ғаллаоролликлар ҳам хурсанд бўлади.
Энди баъзилар Қатвон работини излашнинг нима кераги бор, дейиши мумкин. Қатвон работи оддий жой эмаслигини билдингиз. Кўплар битта дарахтини, булоғини, масжидини ёки кўпригини мақтаб турганда, бизнинг катта бир саройимиз бўлатуриб, у билан фахрланишга ва кўз-кўз қилишга ҳаққимиз йўқми?. Ёки арзимайдиган ёдгорликми?, деб жавоб бераман. Чунки, бу жой 1376 йил 23 февралда Соҳибқирон Амир Темур меҳмон бўлган табаррук макондир. Унинг тарихи эса узундан узун, достондир.
Агар қизиқсангиз Шарофиддин Али Яздийнинг "Зафарнома"сида (Т.1997,77-б.) берилган...
Ёки Бобур айтиб кетган Худак, Асфидак, Васманд сингари қўрғонларнинг номинигина биламиз. Улар қаерда? Булунғурдами, Бахмалдами ёки ўаллаоролда? Демак, ҳали кўп изланишимиз керак. Чунки, уларнинг ҳар бири фан учун ёки туман иқтисоди учун қанчалик аҳамиятга эгалигини билганлар билади.
Шундай экан, бу биз Булунғурликлар учун катта бир янгилик ва ғурур. Чунки, у биз фахрланиб юрган Шероздан анча тарихийроқ бўлиб, ундан ҳам машҳур жойни излаб топдик. Демак, Булунғурда улар сони иккита бўлди - бири Шероз бўлса, иккинчиси Қатвон работидир.
Асосий гап шуки, бундай сермашаққат илмий изланишлар натижасида ўрни топилган бебаҳо ёдгорлик - Қатвон работини бутун ислом олами, Ўзбекистон ва Самарқанд аҳли, айниқса, Булунғурлик зиёлилар ёки ҳокимиятдагилар ва Булунғур туман диний идора вакиллари, унинг атрофида бўлган "Шаҳидлар мозори" қадрига етиб, уларни кечикмасдан, муносиб баҳолашида қолди.
У жойни ўрганишга келсак, Қатвон работи ва унинг атрофини қанча чуқур ўргансак, шунча унинг биз ва келажак авлод учун муқаддаслиги (янада) ўн, юз чандон ортиб бораверадиган жойдир.
Ҳали бу табаррук заминни кўп исломшунос олимлар излаб, унинг Булунғурда эканлигидан хабарлари йўқ кўринади. Акс ҳолда бу жой қайта тикланиб, аллақачон табаррук зиёратгоҳ жой бўлиб кетар эди. Чунки, бу ерда қанчалаб ғозийлар ётганини, улар ким эканини билмаймиз... Фақат билганимиз, ислом йўлида жанг қилиб, шаҳид кетганлар мозори шу ерда бўлгани... янаям уларни билгучи билади.
Сафарали ЖАЛИЛОВ,
Ўзбекистон География жамияти аъзоси, фахрий ўқитувчи.