Туманимиздаги “Булунғур сардори” фирмаси қошида очилган “Китоб дўкони” 2014 йилдан буён аҳолига хизмат қилиб келмоқда. Дўконда миллий бадиий китоблар қаторида жаҳон адабиёти намояндаларининг сара асарлари сотилмоқда.
Шунингдек, дўконда идора ашёлари, мактаб ўқувчилари учун дарсликлар ва компьютер хизматлари йўлга қўйилган. Шу сабабли бу дўконда 4 нафар киши доимий иш билан таъминланган. Дўконда МТМлар учун зарур жиҳозлар мавжуд. Бу ерда мактаблар учун керакли кўргазмали ўқув қуроллари тайёрлаб бериш ҳам йўлга қўйилган.
- Дўконга кирган одам биринчи бўлиб: “опа янги китоблар борми”, деб мурожаат қилишади, - дейди китоб дўкони мудираси Жамила Алимова. - Мен китобхонларни тартиб билан жойлашган китоб жовонларидаги китоблар билан таништираман. Улар ўзларига маъқул келган китобларни харид қилишади.
Китоб дўконимизга кунига ўнлаб китобхонлар ташриф буюришади. Туманимизда китобхонлар сафи кенгаётганидан хурсандмиз. Китобхонларга китоб танлашда ишчиларимиздан Нилуфар, Мафтуна ва Отабеклар яқиндан ёрдам беришмоқда.
Раббим ҲОТАМОВ.