Ёшлар орасида китобхонликни тарғиб қилиш, уларнинг мутолаага бўлган қизиқишини ошириш, ўқувчининг чин дўсти бўлмиш китоб билан ёшларни янада яқинлаштириш мақсадида буюк алломаларимиз ҳаёти ва ижодига бағишлаб Қишлоқ хўжалик касб-ҳунар коллежида “Китоб байрами” ўтказилди. Туман ҳокимлиги, Ўзбекистон ёшлар иттифоқи туман Кенгаши, туман халқ таълими бўлимига қарашли марказий кутубхона ҳамкорлигида ўтказилган тадбирда касб-ҳунар коллежлари ва мактаблар, китоб савдоси билан шуғулланувчи хусусий тадбиркорлар ҳамда китобсевар ёшлар иштирок этди.
- “Китоб байрами” тадбири китобсевар ўқувчи-ёшлар учун айни муддао бўлди, -дейди 15-умумтаълим мактаби АРМ раҳбари Фарида Равшанова. - Қувонарлиси, яқинда мактабимизнинг собиқ битирувчилари томонидан юзга яқин турли номдаги бадиий адабиётлар олиб келиниб, кутубхона жавонига қўшилди. Бу китоблар ичида ўзбек адабиётининг ёрқин намуналаридан ташқари, жаҳон адабиётининг сара асарлари ҳам ўрин олган.
Байрам тадбирларида кам таъминланган, ижтимоий ҳимояга муҳтож оила фарзандлари, Республика ёшлар маркази туман бўлинмаси қошида ташкил этилган тўгаракларнинг фаол аъзолари ҳамда уюшмаган ёшларга тадбир ташкилотчилари томонидан фахрий ёрлиқ ҳамда 200 дан ортиқ китоблар топширилди.
Воҳид ПЎЛАТОВ.