Давлатимиз томонидан ёш авлоднинг маънавий-интеллектуал салоҳияти, онгу-тафаккури ва дунёқарашини юксалтириш, она Ватани ва халқига муҳаббат ва садоқат туйғуси билан яшайдиган баркамол шахсни тарбиялашда беқиёс аҳамиятга эга бўлган китобхонлик маданиятини оширишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Ўзбекистон Республикаси Президентининг шу соҳага тегишли қарори ижросини таъминлаш мақсадида 45-умумтаълим мактаби ташаббуси билан 22 апрель куни “Бир фарзандга уч китоб” аксияси доирасида китоб ярмаркаси ўтказилди. Аксияда Дехқонобод маҳалла фуақролар йиғини фаоллари, оқсоқоллар, ўқитувчилар, ота-оналар ва ўқувчилар, шунингдек, қўшни маҳаллалардан меҳмонлар иштирок этишди.
Тадбирни 45-умумий ўрта таълим мактабининг директори Ортиқбой Ибрагимов очди. Пештахталардаги Навоий, Бобур каби мумтоз адабиёт намоёндаларидан тортибХудойберди Тўхтабоев, Пиримқул Қодиров, Ойбек, Одил Ёқубов, Муҳаммад Юсуф каби ёзувчи ва шоирларнинг асарлари кишини оҳанграбодай ўзига тортади.
- Мен бундай аксияда биринчи бор қатнашишим, - дейди Мирзаариқ маҳалласидан ташриф буюрган меҳмон Шавкат ака Ғаффоров. - Китоблар арзон нархда, кўзингни қувонтиради-я, ҳаммасини оламан дейсан киши.
Ота-оналар китобларни қизиқиб сотиб олишди. Уларга фарзандларига ёшларига қараб қандай китоб олиб беришлари, айниқса қизиқишларига эътибор қилиш кераклигини тушунтириш ишларини 45-умумтаълим мактабининг ўқитувчилари ўз зиммасига олишди.
- Қувонарлиси шундаки, ота-оналар мактаб кутубхонасига ҳам китоблар совға қилишиб, кутубхона фондини бойитишга ўз ҳиссаларини қўшишди, - дейди мактаб кутубхонаси мудири Жуманиёз Ҳасанов. - Ўқувчиларнинг бадиий чиқишлари, қувноқ рақслари, тўгаракларда амалга оширилган ишларнинг намойиши тадбирни байрамга айлантириб юборди.
- Китоб ўқиган, китобга ўртоқ бўлган ўқувчида номақбул ишларга мойиллик пайдо бўлмайди. Китоб фарзандларимизнинг теран фикр юритишида, камолотга етишишларида беқиёс ва беминнат дастиёрдир. Мен аксия ташкилотчиларидан бундай тадбирларни тез-тез уюштириб туришларини сўраб қолардим, - дейди мактабнинг она тили ва адабиёти фани ўқитувчиси Шаҳноза Расулова.
Муҳиддин УСАНОВ,
45-умумтаълим мактабининг
француз тили фани ўқитувчиси.