Гулзор маҳалласида яшовчи фуқаро Тошпўлат Эшпўлатов ўзининг 30 сотихли томорқасида деҳқончилик қилади. Томорқадаги 2 та иссиқхонанинг биттаси энига 8,5 метр, узунаси 40 метр, иккинчисининг эни 8 метр, узунаси 18 метр. Бу иссиқхоналарда кеча-ю-кундуз меҳнат қайнайди.
- Ҳар иккала иссиқхонадан бир йилда икки марта ҳосил оламиз, - дейди томорқа эгаси Тошпўлат ака. - Бу иссиқхоналарда асосан помидор ва бодринг каби сабзавот маҳсулотлари етиштирамиз. Оралиқ экин сифатида тўқсонбосди экинлар - кўкатлар экилади.
Томорқа эгасининг гапига қараганда томорқанинг бўш қолган майдонида ёзги сабзавотлар қаторида пиёз ва картошка экилар экан. Катта иссиқхонага яқинда синов тариқасида сабзи уруғи қадалибди. Айни пайтда ривожланаётган сабзи ниҳоллари кўк майсадек яшнаб ўсмоқда. Томорқанинг бир чеккасида саримсоқпиёз парваришланмоқда. Буишларда Тошпўлат аканинг турмуш ўртоғи Фотима опа, ўғли Шахобжон, неваралари, келинлари Машҳураой, Заҳрохон ва Солиҳаойлар яқиндан ёрдам беришмоқда.
- Иссиқхонага ва очиқ майдонга экиладиган помидор, бодринг кўчатларини ўзим етиштираман, - дейди Тошпўлат ака. - 3 х 3 метр ўлчамдаги мини иссиқхонада махсус қоғоз стаканчаларда бодринг ва помидор кўчатларини экишга тайёрлаяпмиз. Кўчатларнинг ўзимиздан ортганини харидорларга келишилган нархларда сотамиз.
- Бундан ташқари, Тошпўлат акамиз боғ ва токзорни ҳам меҳр билан парваришламоқда, - дейди Гулзор МФЙ раиси. - Томорқанинг бир қисмидаги боғда олмурут, олма, анор, беҳи, гилос каби мевали дарахтлар ҳам, тартиб билан экилиб кўтарилган ҳусайни, тоифи, оқ кишмиш, қора жанжал каби узумлар ҳам оила фаровонлигини, дастурхон тўкинлигини таъминлаб турибди. Меҳнаткаш бу одамнинг ишига ҳаммамизнинг ҳавасимиз келади. Қани энди бошқалар ҳам ҳовлиларидаги йил ўн икки ой бўш турадиган ерларига салгина эътибор қаратсалар, албатта, рўзғорларига барака киради.Раббим ҲОТАМОВ.