Каптархона МФЙ фуқароси Раҳматилла Ражабов ўзининг меҳнати билан маҳалладошлари ҳурматига сазовор бўлган, янгиликларга ўч инсон. У юртимизда бўлаётган улкан ўзгаришлардан, хусусан томорқа эгаларига кўрсатилаётган ғамхўрликлардан хулоса чиқариб, ўз томорқасида энига 4 метр, узунаси 30 метр, чуқурлиги 2 метрдан иборат иссиқхона ташкил этди.
- Дастлабки йили иссиқхонамизда редиска парваришладик. Натижа биз кутгандан ҳам яхшироқ бўлди, - дейди Раҳматилла ака. - Жорий йил бошидан бошлаб иссиқхонада помидор, картошка ва турли хил кўкатлар экиб парваришладик. Иссиқхонамизда етилган ноз-неъматлар оиламиз дастурхонининг кўрки бўлиб турибди.
- Иссиқхонада сабзавот маҳсулотлари етиштираётган Раҳматилла акага қўни- қўшнилар ва маҳалламиз фуқаролари ҳавас билан қарашмоқда, - дейди “Каптархона” МФЙ раиси Бахтиёр Жонузоқов. - Ғайрати ичига сиғмай бораётган бу деҳқон келгусида яна битта иссиқхона қуришни режалаштирмоқда.
Раббим ЭРГАШЕВ.