ИССИҚХОНАДА ПИШИҚЧИЛИК
Мирзабоши қишлоғи туман марказидан 30 чақирим узоқликда жойлашган. Бу қишлоқдан кунда-кунора туман марказидаги деҳқон бозорига кундалик озиқ-овқат маҳсулотлари харид қилиш учун келишга ҳар кимда ҳам вақт ва маблағ етарли бўлмай қолади. Шу боисдан ҳам қишлоқдаги аксарият хонадонларда кундалик истеъмол учун зарур бўладиган картошка, пиёз, кўкатли маҳсулотлар, саримсоқ пиёз каби сабзавотлар томорқа четида барпо этилган мўъжазгина иссиқхоналарда етиштирилади. Қишлоқдаги Абдураззоқ бобо Алимов истиқомат қиладиган хонадонда ҳам 30 метр узунликдаги иссиқхонада юқоридаги каби қишлоқ хўжалик маҳсулотлари қатори редиска, қулупнай, банан, лимон, мандарин каби мева ва сабзавотлар етиштирилмоқда. Албатта, иссиқхонада етиштирилаётган маҳсулотлар шунчаки экилгани билан ўз-ўзидан пишиб қолмайди. Уни мунтазам парваришлаш ва озиқлантириш талаб этилади. Бу каби юмушларда Абдураззоқ бобога невараси Севинч, Дилноза ва келини Зебинисо яқиндан кўмаклашишмоқда.
Ҳамроқул МАҲМУДОВ,
“Булунғур ҳаёти”нинг жамоатчи мухбири.