Акром хоҳласа мавзуларни пухта ўрганадиган, хоҳламаса “икки”га ҳам рози бўлиб кетадиган “дангал” ўқувчилардан бири.
Бугун ҳам адабиёт дарсида ўтган сафар берилган топшириқ – шеърни ёд олмаганлиги учун паст баҳога лойиқ деб топилди. Мактабдан қайтар экан, чор-атрофга синчковлик билан қаради ва бир маҳал баланд терак устидаги қарға инига кўзи тушди. Она қарға бўлғуси зурриёдини дунёга келтириш учун бир жуфт тухумни босиб ётарди. Ора-сира нар қарға учиб келиб, тумшуғига қистирган луқмани она қарға оғзига солиб кетарди.
Буни бир пас кузатган Акромнинг эски қилиғи тутди, йўл четидаги тошлардан бирини олди-да, ин томон улоқтирди. Бу борада Акром “мерган” бўлиб кетган эмасми, “ўқ” мўлжалга тегди! Ерга бир жуфт тухум тушди-ю, чил-парчин бўлди. Она қарға қандайдир норизо ҳолда қағиллаб осмонга кўтарилди. Бир зумда нар қарға ҳам етиб келди. Ота-она қарғалар то шом тушгунича теракни ва тагини айланиб, қағиллаб юришди.
Кечқурун Акром туш кўрди. Икки қарға “нега полапонларимизни нобуд қилдинг”, деб унинг юз-кўзини чўқиб ташлашди. Акромнинг азои-бадани қонга булғанди...
Чўчиб уйғонганда Акромнинг лаблари беҳисоб учуқлар таъсиридан лов-лов ёнаётгандек эди... Шу туш сабабми, ҳамиша қушларга тош отадиган безори Акром ҳалимдек юмшоқ, қуш-паррандаларга меҳрибонлик билан муносабатда бўладиган болага айланди-қолди.
Шохжаҳон АБИРҚУЛОВ,
3-умумтаълим мактабининг 10-“А” синф ўқувчиси.