сифатли бўлса ҳосилдорлик ошади
Март ойида кузда экилган буғдой ва арпа экинлари парвариши бошланади. Бунда биринчи навбатда экинларни суғориш лозим. Оқар сув иссиқ бўлиб, ердаги музлик қатламларини эритади, ўсимлик яхши ривожланади. Қишловдан ночор ҳолда чиққан ғалла майдонларини минерал ўғитлар билан дастлабки озиқлантиришда 150 килограммгача азот берилиши керак. Март ойининг энг муҳим тадбирларидан яна бири - бегона ўтларга қарши курашиш. Ёввойи ўтлар бошоқли дон экинзорларига кенг тарқалиб кетса, буғдой ва арпага нисбатан сувни 300 баробаргача, озиқ моддаларни ҳам улардан кўпроқ ўзлаштиради. Натижада, ҳосилдорлик 20-25 фоизга пасаяди.
Ғалла экини найчалаш даврида бегона ўтларга қарши кимёвий ишлов бермаслик лозим. Ғалла майдонларида бир йиллик ва кўп йиллик бегона ўтларни учратиш мумкин. Бунга қарши Гранстар - 15-20 грамм, Далстар - 15-20 грамм, Яндостар - 15-20 грамм, Банвер - 0,7-0,10 грамм, Атлантик - 0,25-0,30 грамм каби химиявий препаратлар билан озиқлантирилиши лозим. Бундан ташқари баҳор ойларида ғалла майдонларида сариқ ва қўнғир занг касалликлари кўп учрайди. Қайси ғалла майдонларида ушбу касалликлар тарқалса Дупплет, Тутел, Алтопупер, Рекс ДУО сингари препаратларни қўллаш яхши самара беради.
Март ойининг яна бир тадбирларидан бири - ғаллани иккинчи озииантириш даври ҳисобланиб, бу даврда ўсимликнинг вегетатив органлари кескин кўпайган, поялари ортган бўлади. Бу даврда азотли ўғитларнинг 50-55 фоизи берилиши керак. Сабаби, ўсимликда найчалар чиқа бошлайди ва намликни, озуқани кўп талаб қилади. Найчалар ичида бошоқ шаклланади. Найчаланиш 25-30 кун давом этади. Бу даврда намлик ва озуқа етишмаса ҳосилдорликка салбий таъсир кўрсатади.
Эрта баҳорда майсалар яхши ривожланиши учун суспензия тайёрлаб, баргидан 300 литр сувга 15-20 килограмм карбамид препаратини пуркагич билан сепиб озиқлантириш ҳам фойдали. Суғориш вақтида тўпланган маҳаллий ўғитни ҳар бир гектар экин майдонига 2-3 мартадан, 30-40 фоизини шарбат усулида суғориш лозим.
Ҳазратқул САФАРОВ.