СУҒОРИШ ИШЛАРИ МАРОМИДА
Жорий йилда аҳолини сифатли ва арзон қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари билан таъминлашда деҳқонларимиз ҳам бирмунча қийинчиликларга дуч келишмоқда. Эрта баҳордан ёғингарчиликнинг меъёрдан кўп бўлганлиги, дўл ёғиши, жала қуйиши оқибатида сел келиши натижасида бир неча бор далалардаги экилган экинларни, ўтқазилган кўчатларни нобуд қилди, юзлаб гектар ғалла майдонларини сув босди.
Бироқ кўпни кўрган, ер билан тиллаша оладиган, экинларга меҳр берган бободеҳқонларимиз тушкунликка тушганлари йўқ. Улар об-ҳаво ноқулайликларига қарамасдан халқимиз дастурхонини сархил мева ва сабзавотлар билан тўкин қилиш мақсадида далаларда жавлон уришмоқда.
Маълумки, деҳқончиликда сув муҳим рол ўйнайди. Далалардаги барча экинларда сувга эҳтиёж бор. Ҳар бир қадалган кўчат ёки уруғ минерал ва маҳаллий ўғитлар билан озиқлантирилиши билан бирга ўз эҳтиёжига яраша сувга эга бўлсагина ундан кўзланган маҳсулотни олиш мумкин. Буни эса деҳқонларимиз яхши билишади. Шу мақсадда улар сувдан оқилона ва тежамкорлик билан фойдаланишмоқда.
Туманимиздаги мавжуд ер майдонларидан 29859 гектарини суғориладиган ер майдонлари ташкил этади. Жорий йилда шундан 7715 гектарига ғалла, 1384 гектарига картошка, 4080 гектарига сабзавот, 81 гектарига полиз экинлари экилган. 7591 гектар боғ ва токзорлар, 6935 гектарини аҳоли томорқаси ва бошқа қишлоқ хўжалик экинлари ташкил этади.
Май ойининг иккинчи ўн кунлигида лимит бўйича 8,4 кубометр сув ажратилган. 2020 йил ҳосили учун экилган 7715 гектар ғалла майдонлари 1 апрелдан бошлаб 2 маротаба тўлиқ суғоришдан чиқарилди. 1 апрелдан бошлаб 22144 гектар бошқа қишлоқ хўжалик экинларини пешма-пеш суғориш ишлари амалга оширилиши режалаштирилган, шундан ҳозирга қадар 1489 гектари суғорилди.
Деҳқонларимиз далаларидаги экинларни суғоришда кўп йиллик тажрибага эга бўлган сувчилар ва мутахассислар билан маслаҳатлашган ҳолда иш олиб боришаётганликлари туфайли ҳар йили кўзланган ҳосилни олишга эришмоқдалар. Зеро, жорий йилда ҳам шундай бўлиши табиий.
Асқар ХУДОЙҚУЛОВ,
туман ирригация бўлими бошлиғи.