Оддий ўргимчаккана (Tetranychus urticae Koch) олма дарахтига кучли зарар етказади, аммо бошқа уруғли ва данакли мева дарахтларига ҳам тушади. У зарарлаган барглар дастлаб сарғаяди, кейин эса қўнғир тусга кириб тўкилиб кетади, дарахт кучли зарарланиб, ҳосили майда, сифатсиз ва кам бўлиб қолади, ҳосилдорлик 35–70 фоизгача камайиши мумкин.
Ўргимчаккана майда бўғим оёқли жонивор бўлиб, уни оддий кўз билан зўрға кўриш мумкин. Танаси овал шаклида, 0,3–0,6 мм, ранги кўкиш-сариқ, устида иккита қорамтир доғи бор. Урғочилари қишлаганда қип-қизил тусга киради. Тухуми юмалоқ шаклда, рангсиз, личинкасида уч жуфт, етук зотида тўрт жуфт оёқлари бор.
Ўргимчаккана баргнинг орқа томонига жойлашиб уя ясайди ва шу уяда ривожланади. Урғочи кана ўша уя тагига ўрта ҳисобда 140, кўпи билан 600 донагача тухум қўяди. Об-ҳаво шароитига қараб ёзда 2–5 кун, эрта кўкламда эса 7–10 кун ўтгач тухумларидан личинкалар чиқади. Ёз давомида 12–18, шимолий районларда 14 авлод беради. Уруғланган урғочи каналар октябрь ўрталарида қишлашга кета бошлайди, эркак каналар эса қишга бориб деярли қирилади. Каналар қишловга кетиш олдидан қизаради, озиқланишдан тўхтайди. Урғочи каналар кузда қайси далада озиқланган бўлса, ўша далада ёки унинг яқинида (тўкилган барглар тагида, бегона ўтларнинг илдиз бўғзида, тупроқ ёриқларида ва кесакчалар орасида) тирик ҳолда қишлайди. Қишлашдан март ойида – ўтлар кўкара бошлаб, суткалик ўртача ҳарорат камида 7°С бўлганида чиқади ва дастлаб куртаклар билан кейинчалик эса баргларга ўтиб озиқланади. Биринчи бўғинлари бегона ўтларга ва кейинчалик эса ўтлар дағаллашганидан сўнг дарахтларга ўтади. Ҳарорат юқори бўлганида кананинг урчиши тезлашади.
Ред Делишез, Голден Делишез, Роум Бют ва Жонатан каби олма навлари ушбу кана зарарига кўпроқ чалинувчан ҳисобланади.
Боғларда чанг кўтарилишини камайтириш ва дарахтларни доимий сув билан таъминлаб туриш каналарни тез кўпайишининг олдини олади. Ўргимчакканага қарши кимёвий ишловлар беришнинг самараси йилдан-йилга озайиб бораётганлиги сабабли, биологик кураш билан алмаштириш зарурати туғилмоқда. Бунинг учун ўргимчакканага қарши Престиж Плюс биоинсектициди билан доимий профилактика қилиниши юқори самара бериб келмоқда. Вегетация даврида ҳар бир баргда 10 тадан ортиқ тирик кана топилса, кимёвий курашда таркибида абамектин, геситиазокс, спиротетрамат, амитрац, бифентрин ва пропаргит бўлган препаратлар билан ишлов берилади.
Жасур НАРЗИЕВ,
Нуриддин ХАМРАЕВ,
вилоят Ўсимликлар карантини ва ҳимояси агентлиги бошқармаси
Булунғур тумани Юқори нуқта ЙПХ маскани инспекторлари.