Булунғур тарихида биринчи марта 32 минг тонна сифатли ғалла етиштирилди
Булунғур тарихида биринчи марта 32 минг тонна сифатли ғалла етиштирилди. Кўпчилик буни бу йил об-ҳавонинг серёғин келганлиги билан боғлашмоқда. Бу ҳам тўғри, албатта. Лекин, биргина об-ҳавонинг қулай келганлиги билан қишлоқ хўжалик маҳсулотларидан мўл ҳосил етиштириш мушкул. Деҳқон "олма пиш, оғзимга туш" дегани билан ҳосил етилиб қолмайди. Нафақат ғалла, балки, бошқа турдаги қишлоқ хўжалик маҳсулотлари етиштириш учун ҳам ҳар бир деҳқондан тинимсиз меҳнат, ерга, экинга меҳр бериш, парваришлаш ва ўз вақтида озиқлантириш талаб этилади. Барча агротехник тадбирларни белгиланган меъёр асосида бажарган деҳқонгина кўзланган ҳосилни олади. Бу билан эса у ҳам давлат белгилаб берган режани уддалайди, ҳам ўзи, оиласи яхшигина даромад кўради.
Туманимиз фермер хўжаликлари ишчилари ўтган йили кузда экилган ғалла майдонларини парваришлашни ўша пайтдаёқ бошлашган. Ҳали қишнинг совуқ кунлари бошланмасиданоқ ғалла майдонларини суғориб, озиқлантириб, майсаларнинг униб чиқишини таъминладилар. Қиш кунларида ҳам, эрта баҳорда ҳам минерал ўғитлар билан озиқлантириб туришди. Бир сўз билан айтганда, кафолатланган бошоқли дон ҳосили етиштириш учун деҳқонларимиз барча агротехника тадбирларини, шу жумладан, минерал ўғитлар билан озиқлантириш, суғориш, бегона ўт, зараркунанда ва ҳашоротларга қарши курашиш, суспензия сепиш ҳамда бошқа тадбирларнинг ўз вақтида ва сифатли ўтказилишига эришдилар. Бунинг натижаси ўлароқ, ғалла майдонларида мўл ҳосил етиштирилди. Деҳқонларимизнинг юрт ва халқ олдида юзлари ёруғ бўлди. Меҳнат қилган деҳқон борки, даромад қилди. Режани ва мажбуриятларини ҳам ортиғи билан уддалаб, омбори донга тўлди. Хўжалик аъзоларига ҳам дон-дундан улашишди. Мукофот ва рағбатлар олишди. Буларнинг барчаси, албатта, самарали меҳнат ортидан.
Ўтган йилларда ҳам аксарият фермер хўжаликлари давлатга бошоқли дон сотиш режасини бажаришган. Лекин, имкони борича режадан ортиғини ўзларига олиб қолиб, кейин ички бозорга сотишга ҳаракат қилишган. Бу йил эса бунинг акси бўлди. Бу йил деярли барча фермерлар дала майдонларидаги етиштирилган барча ғаллани давлатга сотишди. Бунинг сабаби бор, албатта.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 27 ноябрдаги "Бошоқли дон етиштиришни янада рағбатлантиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида"ги 959-сонли Қарори ҳамда 2019 йил 26 апрелдаги "Қишлоқ хўжалиги корхоналари томонидан етиштирилган бошоқли дон экинлари ҳосилдорлиги ва ялпи ҳосилини аниқлаш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида"ги 357-сонли Қарорида харид нархининг ошиши ҳисобига бошоқли дон маҳсулотлари етиштириш, мева-сабзавот маҳсулотлари етиштиришдан олинаётган даромадга тенглаштирилди. Ушбу қарорларга кўра эндиликда бошоқли дон ҳосилдорлиги ҳар гектаридан:
41 центнердан 50 центнергача бўлганда - 10 фоиз;
51 центнердан 60 центнергача бўлганда - 20 фоиз;
61 центнер ва ундан юқори бўлганда - 25 фоиз харид нархига устама;
аксинча: 30 центнер ва ундан кам бўлганда - 25 фоиз;
31 центнердан 40 центнергача бўлганда - 15 фоиз харид нархига чегирма билан давлат хариди учун қабул қилинган доннинг умумий ҳажми ҳисоб-китоб қилинади.
- Ушбу қарор айни вақтида қабул қилинди, - дейди "Ҳотам ҳожи" фермер хўжалиги раҳбари Раҳматилло Ўтамуродов. - Биз ҳам қарордан руҳланиб, даладаги барча ҳосилни, яъни, 2019 йил ҳосили учун 29 гектар сувли ер майдонида ғалла экиб, парваришлаб, давлат ҳисобига 120 тонна, қишлоқ хўжалик корхонаси ихтиёрига 63 тонна, жами 183 тонна бошоқли дон етиштириб, ҳосилдорликни ҳар гектарига 63 центнердан оширдик.
Булунғур ММТП ҳудудидаги Икром Маматқулов раислик қилаётган "Икром Чўянтепа ЧИМ" фермер хўжалиги аъзолари ҳам 2019 йил ҳосили учун 6 гектар сувли ер майдонига бошоқли дон экиб, давлат ҳисобига 20 тонна ўрнига 41 тонна ғалла топширишга эришдилар. Ҳосилдорлик гектарига 68 центнерга етказилди. Ғалла харажатлари ва имтиёзли кредит - 15 миллион сўм эвазига етиштирилган бошоқли дон маҳсулоти давлат нархи бўйича 49,2 миллион сўм ва 25 фоиз устама билан, 12,3 миллион сўм миқдорида пул маблағи тўланиши ҳисобига ушбу қишлоқ хўжалиги корхонасига 61,5 миллион сўм пул маблағи келиб тушди. Соф даромади 46,5 миллион сўм бўлиб, даромад ҳар бир гектарига 10 миллион 250 минг сўмдан тўғри келди. Биргина бу фермер хўжалиги эмас, бошқа кўпчилик фермерларимиз ҳам бу йил ана шундай юқори натижаларга эришишди.
Туманимиз ғаллакорлари ҳар йили белгиланган режа ва мажбуриятларини ортиғи билан уддалаб келишади. Лекин, бу йилгиси бошқача. Жорий йилда қабул пунктларига 21833 тонна сифатли ғалла топшириш режалаштирилганди. 20 июлга қадар хирмонга 26,161 тонна бошоқли дон ва 2783 тонна уруғлик ғалла келиб тушди.
Ҳали туманимиздаги ғалла майдонларида ҳосил мўл. Ўрим давом этмоқда. Ғаллакорларимиз хирмонга яна 3 минг тонна сифатли ғалла топширишни режалаштиришган. Фермер хўжаликлари деҳқонлари шу кунларда ғалладан бўшаган майдонларни зудлик билан суғориб, шудгорлаб, такрорий экин экиш ишларини бошлаб юборишган. Улар об-ҳавонинг қулай келганлигидан, сув мўллигидан оқилона фойдаланишга ҳаракат қилишмоқда.
"Булунғур ҳаёти" мухбири.