Ғалла – ризқ-рўзимиз. Миришкор деҳқонларимиз ҳар йили далада самарали меҳнатлари эвазига ғалладан мўл ҳосил етиштириб, халқимиз дастурхонини тўкин қилишга ўз ҳиссаларини қўшиб келишмоқда.
Олтин кузнинг бугунги ғанимат кунларида туманимиздаги фермер хўжаликлари аъзолари аллақачон далаларида ғалла экиш ишларини бошлаб юборишган. Маълумки, вилоятимизнинг бошқа ҳудудларига қараганда туманимиз иқлими салқинроқ ва шамол эсадиган кунлар кўп бўлиши билан бироз фарқ қилади. Шу боисдан ҳам фермер-деҳқонларимиз маҳаллий шароитдан келиб чиқиб, ғалла экиш ишларини 20 сентябрдан 20 октябргача бўлган муддатда тугаллашга ҳаракат қилишади. Бунинг сабаби - муддатида экилган ғалла ривожи баравж бўлиб, 20-25 кун ичида уруғлар илдиз отишга улгуриб, қишнинг совуқ кунлари бошлангунига қадар униб чиқади. Буғдой уруғи ҳам кун санайди. Экилган ғалла уруғи 9 ойда пишиб етилади. Сентябрь-октябрь ойларида экилган буғдой уруғи 60-70 кунда тўлиқ ўзини тутиб олади ва қиш совуқларига чидамли бўлади.
Кузги ғаллани экишда агротехник қоидаларига қатъий амал қилган ҳолда экилса мўл ҳосил учун пухта замин яратилади. Уруғни экишдан олдин ғалла майдонлари танланиши ва бегона ўтлар ҳамда илдизларидан яхшилаб тозаланиши лозим. Шунингдек, экин экиладиган майдонларнинг тупроқ намлиги даражасига эътибор қаратилиши муҳим. Агар тупроқда намлик кам бўлса, албатта енгил суғориш керак. Суғорилган майдонлар меъёрига келиши билан дарҳол сифатли шудгорланиши ҳамда ер текис ҳолда 25-30 сантиметрдан кам бўлмаган чуқурликда ҳайдалиши зарур. Шудгордан кейин тезда борона тортилиб, ер текисловчи мослама ёрдамида ер текис ҳолга келтирилиб, кесаклар майдаланади, шунда тупроқ ўз намлигини узоқ вақт сақлаб туради. Яхши тайёрланмаган ерларга уруғ сепиш тавсия этилмайди. Кесакли майдонларга уруғ сепилса 30-40 фоиз уруғ тупроқ билан аралашмайди, уруғ нобуд бўлади, натижада майдонда уруғ тўлиқ униб чиқмайди. Шунингдек, ғалла экиладиган майдонларнинг маҳаллий ва минерал ўғитлар билан озиқлантириш эвазига мўл ҳосилга ишончли замин яратилади. 1 гектар ерга 20-25 тонна маҳаллий ўғит, 200-250 килограм аммофос, 50 килограмм азот ва 30-50 килограмм калий ўғитлари сепилиши керак. Юқорида санаб ўтилган озиқлантирувчи ўғитлардан меъёрида ва вақтида фойдаланилмаса ғалла вегетация даврининг гуллаши, сут ва мум пишиш вақтида фосфор танқислиги туфайли бошоқлари тўлиқ шаклланмайди ва оқибатда бошоқдаги донларнинг 20-30 фоизи майда бўлиб қолади. Натижада, ҳосилдорлик 10-15 центнерга камайиб кетади. Шунингдек, бир гектар ғалла майдонида ўртача 4,5-5 миллион ёки 1 квадрат метрда 450-500 дона буғдой уруғи сепилганда ўша майдондан белгиланган ҳосилни олиш мумкин.
Кузги буғдойни экишда уруғликнинг биологик навларига ҳам эътибор қаратиш лозим. Айни пайтда туманимиз фермерлари буғдой уруғининг қилтиқли “Туркистон”, “Яксарт”, қилтиқсиз “Дурдона”, “Таня”, “Гром”, “Краснодар-99” каби навларини экишмоқда. Ғаллани сеялкаларда экиш мақсадга мувофиқ. Шунда уруғ исрофгарчилигига йўл қўйилмайди. 1 гектар ерга 230-240 килограмм буғдой уруғи сепилади. Юқорида санаб ўтилган навлардан фойдаланишда фермер-деҳқонлар албатта, ғалла майдонларининг сув кам бўладиган қисмларига ҳосилдор, сувга чидамли бўлган навларидан экиши тавсия этилади.
Ғаллани экишда 60 сантиметр кенгликда жўяк олинганда суғориш вақтида қатор оралари тўлиқ намланади. Қатор оралари кўрсатилганидан кўра янада кенгроқ олинса, у ҳолда суғориш вақтида жўяклар тезда намланмайди ва узоқ вақт суғориш талаб этилади. Бунда сув ҳам белгиланганидан кўра кўп ишлатилади ҳамда ортиқча вақт сарфланади. Суғориш ишлари уруғ экиб бўлинганидан сўнг дарҳол амалга оширилиши шарт. Экилган уруғлар униб чиқиш жараёни кечикса зудлик билан маҳаллий ўғитлар билан шарбат усулида ҳамда унумдорлиги паст майдонларга 30-35 килограмм азот ўғити бериб суғориш тавсия этилади. Ғаллазорларни суғоришда ҳар 50-60 метр оралиқда ўқ ариқлар олиниши ва сув таралиши назоратга олинса, қатор оралари яхши захлайди ва уруғ тўлиқ униб чиқади.
Қисқаси, деҳқонларимизнинг айни дамдаги меҳнатлари келгуси йил ҳосили учун пухта замин яратишига шубҳа йўқ.
Ҳазратқул САФАРОВ,
олим-агроном.