Халқ депутатлари туман Кенгашининг ўттизинчи сессияси бўлиб ўтди. Сессияни халқ депутатлари туман Кенгашининг раиси, туман ҳокими Б. Баҳромов очди. 19-Чангал сайлов округидан сайланган депутат, Ўзбекистон ёшлар иттифоқи туман Кенгаши раиси О. Сатторов сессия котиби этиб сайланди.
Сессия кун тартибига асосан дастлаб Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари З.Т. Мирзаев раҳбарлигидаги ишчи гуруҳи томонидан шу йил 19-20 март кунлари ўтказилган ўрганиш натижаларига кўра туманда аниқланган “қолоқ” фермер хўжаликларида бажарилаётган ишларнинг таҳлили тўғрисидаги масала кўриб чиқилди. Сўнг тумандаги фермер хўжаликларининг ер участкаларидан самарали фойдаланиш, қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ишлаб чиқаришни кўпайтириш, фермерларнинг молиявий ҳолатини янада яхшилаш мақсадида “қолоқ” фермер хўжаликларидан заҳирага олинган ер майдонларини бошқа фермер хўжаликларига ажратиб бериш ҳақидаги масалалар муҳокамаси бўлди. Туман ҳокимининг ўринбосари, Қишлоқ ва сув хўжалиги бўлими бошлиғи Х. Усмонов ҳамда Ўзбекистон фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа эгалари туман Кенгаши раиси А. Ҳамроевлар ана шу масала бўйича ахборот беришиб, ўз фикрларини баён қилишди.
Ҳудудларни комплекс ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш тумандаги энг долзарб масалалардан. Шу йўналишда 2017 йил якунлари ҳамда 2018 йилнинг биринчи чорагида амалга оширилган ишлар юзасидан туман ҳокими, биринчи сектор раҳбари Б. Баҳрамов, туман прокурори, иккинчи сектор раҳбари У. Бутунов, туман ИИБ бошлиғи, учинчи сектор раҳбари Ш. Бурхонов, туман ДСИ бошлиғи, тўртинчи сектор раҳбари К. Тенглашевларнинг ахборотлари эшитилди. (Ушбу масалалар қамраб олинган “Секторлар фаолияти – аҳоли турмуш фаровонлигини юксалтиришда муҳим омил” номли давра суҳбати 3-саҳифадан жой олган).
Сессияда ташкилий масалалар ҳам кўриб чиқилди.
Кўрилган барча масалалар юзасидан тегишли қарорлар қабул қилиниб, депутатлар томонидан тасдиқланди.