Сумалак сайли – Наврўз байрамининг узвий бир қисми, миллий ва умуминсоний қадриятларга эш бўлган тадбир. Сумалак наврўзнинг шоҳ таоми ҳисобланиб, хушхўр ва тансиқ таом ҳисобланади.
Баъзи маълумотларга кўра сумалакнинг тарихи 3000 йилдан ошиқ бўлиб, баҳор пайтида, Наврўзнинг бошланишида тайёрланиб келинади. Амир Темур даврига оид тарихий, адабий манбаларда ҳам сумалак сайли билан боғлиқ анъаналар наврўз байрамининг таркибий қисмларидан бири сифатида келиши урғуланади.
Бундай сайллар қир-адирларда, боғларда, маҳалла гузарларда ўтказилиб, бир ҳафтадан бир ойгача давом этган. Бутун маҳалла иштирокида тайёрланган сумалак кўпчиликка улашиб чиқилган. Одамлар сумалакни татиб кўриш арафасида, баҳорга етганига шукр қилиб, йилнинг яхши, хайрли, баракали келишини тилаб дуолар қилишган. Сумалак сайли, турли томоша базмлар, куй-қўшиқларларга уланиб кетган.
Сумалак пиширишнинг ўзи қатъий анъаналар асосида маълум тартиб қоидаларга амал қилинган ҳолда бажарилади. Сумалак муқаддас таом сифатида қадрланади.
Наргиза АБДУРАҲМАНОВА.