Касбим педагог. Маҳалламиздаги 13-умумтаълим мактабида ўқитувчилик қиламан. Ўқувчиларга сабоқ бериш билан бирга мактабимиз ҳамда маҳалламиздаги турли тадбирлар, ободонлаштириш ишлари, байрам ва тантаналарда, тўй ва маросимларни ихчам ва тартибли ўтказишда фаол бўлишга ҳаракат қилиб келаман. Ёши улуғ устозлар, маҳалла нуронийлари, оқсоқоллари, кўпни кўрган, ҳаёт тажрибасига эга бўлган онахон ва бувижонлардан маслаҳат олишга ошиқаман.
Устозлик шарафли ва машаққатли касб. Фикримча, бу касб соҳиблари фақат ўқувчиларга таълим-тарбия берибгина қолмасдан, балки ўзлари таълим даргоҳида, кўча- кўйда, оилада, байрам ва тадбирларда ҳам ўзининг одоб-ахлоқи, кийиниш ва муомала маданияти, хулқи ва бошқа ижобий хислатлари билан ўқувчиларига ҳам, бошқа фуқароларга ҳам ибрат бўлишлари лозим. Ўзим бунга ҳамиша амал қилишга интиламан. Шу боисдан, мени 2018 йилги сайловда маҳалламдаги ва қўшни маҳаллада истиқомат қилувчи фуқаролар бир овоздан 14-Чўянтепа сайлов округидан халқ депутатлари туман Кенгаши депутатлигига сайлашди. Депутат этиб сайланганимдан сўнг ишга бўлган масъулият икки карра ошди. Оила ва мактабдан ортиб, маҳаллаларга, қишлоқларга бораман, фуқаролар билан учрашаман. Уларни қийнаётган, ўйлантираётган ижтимоий муаммолари, эҳтиёжлари ва қизиқишлари ҳақида фикрлашаман. Муаммоли масалаларига ечим топиш учун ваколатим доирасида масъул идораларга сўровномалар юбораман. Лозим бўлса идораларга бориб, маслаҳатлашаман, мурожаатларни биргаликда ижобий ҳал этишга ҳаракат қиламан.
Белгиланган иш режамга асосан, сайлов округимдаги Чўянтепа, Чорбоғ, Авлиё Парпи МФЙлардаги қишлоқларда бўлиб, фуқаролар билан учрашувлар ўтказаман. Уларни қийнаётган масалалар бўйича фикрлашаман, муаммоларни имкон қадар жойида бартараф этаман. Депутатнинг асосий мақсади халққа хизмат қилиш. Шуни ҳис қилган ҳолда доим халқ орасида бўлишга, уларга нафим тегишига интиламан. Ҳудудимиз 4-секторга қарашли бўлганлиги боис мунтазам сектор аъзолари билан биргаликда иш олиб бораман. Сектор аъзолари, маҳалла фаоллари билан биргаликда кам таъминланган ва боқувчисини йўқотган оилалар ҳамда “Темир дафтар”, Ёшлар дафтари” ва “Аёллар дафтар”ига рўйхатга киритилганлар ҳолидан хабар оламиз.
Ўтган йили пандемия туфайли ижтимоий ҳимояга муҳтож бўлган оилаларга “Саҳоват ва кўмак” жамғармаси томонидан бир неча бор озиқ-овқат маҳсулотлари тарқатилди. Чорбоғ МФЙ фуқароси А.Ўрозалиевга даволаниши учун маблағ ажратиб берилди. Очиғини айтганда, қишлоқларимизда кўпгина соҳаларда фуқароларни қийнаётган масалалар анчагина экан. Бирин-кетин аста-секинлик билан уларни бартараф этаяпмиз. Ҳудудларни ободонлаштириш, кўчаларга шағал тош тўшаш ва бошқа шу каби юмушларда аҳоли ҳам фаол иштирок этишмоқда.
Чўянтепа МФЙдаги “Қатортут” қишлоғига 40 дона электр бетон устунлари, Чорбоғ МФЙнинг “Янгиқишлоқ” қишлоғига 1 та янги трансформатор ва муддатини ўтаган симёғочлар ўрнига 75 дона янги бетон устунлар ўрнатиш ҳамда Авлиё Парпи МФЙ ҳудудларидаги электр симёғочлари эскириб, муддатини ўтаганлиги боис, уларни ҳам бетон устунларга алмаштириш, мавжуд трансформаторларни жорий таъмирдан чиқариш бўйича туман электр тармоғига бир неча бор депутатлик сўрови юбориб, ҳалигача бирор-бир жавоб ололмадик. Ушбу идоранинг масъулиятсиз раҳбарлари ақалли бир энлик жавоб хати ёзишни ҳам ўзларига эп билишмади. Ахир, бу сўровноманинг орқасида нафақат депутат, балки юқоридаги номлари зикр этилган қишлоқлар аҳолисининг ижтимоий муаммолари ва мурожаатлари турибди-ку.
Сайлов округимдаги маҳаллалар ҳудудидаги ички кўчаларни таъмирлаш юзасидан юборилган депутатлик сўровига асосан туман йўл қурилиши бўлими томонидан ўтган йили Чўянтепа МФЙ ҳудудидаги 13-умумтаълим мактабига борувчи йўл четидан ўқувчилар ва йўловчилар юришлари учун пиёдалар йўлакчаси қурилиб, фойдаланишга топширилди. Кўпчилик қишлоқларимизнинг ички кўчалари таъмирталаб ҳолга келиб қолган. Шу боис, туман йўл қурилиши бўлимига ушбу кўчаларни таъмирлаб, шағал тош тўшаш ишларини амалга ошириш лозимлиги тўғрисида депутатлик сўрови юборилган. Сайлов округидаги мавжуд умумтаълим мактабларида ҳам бир қатор муаммолар мавжуд. Жумладан, мактабларни замонавий техник жиҳозлар билан таъминлаш, компьютер жамланмалари, интернет тармоғига уланиш, спорт заллари етишмовчилиги каби муаммолар ҳам ечим кутаяпти. Чорбоғ МФЙнинг “Янгиқишлоқ” қишлоғига артезиан қудуғи қазиш тўғрисидаги депутатлик сўровига туман “Сув оқава” бўлими раҳбарияти томонидан “вазият ўрганилгани, ушбу мурожаат 2021 йил дастурига киритилиб, жорий йилнинг тўртинчи чорагида амалга оширилиши белгиланган”лиги тўғрисидаги жавоб хати олдик.
Чорбоғ” МФЙ ҳудудида ҳалигача бирорта умумтаълитм мактаби йўқлиги, бу ҳудудда истиқомат қилувчи фуқароларнинг фарзандлари қўшни маҳалладаги мактабларга қатнаб ўқиётганлиги, шу боисдан шу маҳалла ҳудудидан битта мактаб қурилиши учун бир неча бор шу соҳага масъул бўлган идораларга юборган депутатлик сўровимдан сўнг Олий Мажлис томонидан ушбу мурожаат 2021 йил Дастурига киритилганлиги тўғрисида жавоб хати олдик. Шунингдек, “Авлиё Парпи” МФЙда мактабгача таълим ташкилоти қурилиши учун туман МТТга юборган депутатлик сўровимга ҳалигача жавоб ололмадик.
Сайлов округидаги маҳаллалар фаоллари билан биргаликда қишлоқлардаги фуқароларга эҳтиёжига қараб, график асосида суюлтирилган газ баллонлари етказиб бериш, аҳолининг унга бўлган эҳтиёжини қондириш учун арзонлаштирилган ун олиб келиб сотиш йўлга қўйилган.
Шунингдек, жойларда сайловчилар билан учрашувлар чоғида фуқаролардан ҳовли атрофларини тоза-покиза тутиш, томорқалардан унумли фойдаланиш, халқимизнинг бойлиги бўлган экологияга зарар етказмаслик, томорқаларни суғориш ишларида оқар сувлар ва мавжуд ичимлик сувларини исроф қилмаслик, ариқ ва зовурларга беҳуда оқизмаслик, электр энергиясидан тежамкорлик билан фойдаланишлари лозимлиги тўғрисида тарғиботлар қилинмоқда.
Жамиятимизда истиқомат қилаётган ҳар бир фуқаро яхши яшашга ҳақли. Биз депутатлар эса уларнинг фаровон турмуш кечиришлари учун ҳар доим камарбастамиз. Севара ЖУМАҚУЛОВА,
14-Чўянтепа сайлов округидан ЎзХДПдан халқ депутатлари
туман Кенгашига сайланган депутат.