Депутат этиб сайланганимдан буён ҳудудимга қарашли “Навбаҳор” МФЙ фуқаролари билан маслакдош бўлиб, уларнинг ижтимоий-иқтисодий муаммоларига жойида, жамоа билан биргаликда ижобий ечим топишга ҳаракат қилиб келаяпман. Туман миқёсида ҳал қилиниши лозим бўлган масалаларни халқ депутатлари туман Кенгашининг навбатдаги сессияси кун тартибига киритиб, шу соҳага масъул бўлган раҳбарлар билан ечим топаяпмиз.
Вақти-вақти билан ҳудуддаги 1 ва 55-ўрта умумтаълим мактаблари ва мактабгача таълим муассасасига бориб, у ердаги ёшлар билан одоб-ахлоқ ва таълим-тарбия ҳамда оилада, кўча-кўйда тенгдошлари, катта ёшдаги кишилар билан қандай муомалада бўлиш лозимлиги тўғрисида суҳбатлашаман. Билим масканларидаги ижтимоий соҳага оид муаммоли масалаларни ижобий ҳал қилишга интиламан. Бундан ташқари маҳаллаларда, хонадонларда ўтказилаётган турли базмлар, тўй-ҳашамлар, оилавий тантаналар, маърака ва маросимларнинг тартибли, ихчам ва исрофгарчиликларсиз ўтказилишига маҳалла фаоллари билан биргаликда бош-қош бўлмоқдамиз. Шунингдек, маҳаллада қизларни оилавий ҳаётга тайёрлаш, эрта турмушнинг олдини олиш, носоғлом муҳитдаги оилаларни ўрганиш, маҳалладаги ёшлар ўртасида ҳуқуқбузарликлар содир этилмаслиги учун нималарга асосий эътибор қаратиш кераклиги хусусида аҳоли билан ўтказилаётган давра суҳбатларида, учрашувларда бот-бот тарғиботлар қилаяпмиз.
Маҳалламиз ҳудудидаги янги қурилаётган “Деҳқон бозори”нинг қурилиши суст бораётганлиги ҳусусида туман ҳокимиятига юборилган “Депутатлик сўрови”нинг мазмуни ва унинг жавоби туман газетасида кенг жамоатчилик ҳукмига ҳавола этилди. Туманимиз марказидаги аҳоли дам олиши учун мўлжалланган истироҳат боғининг қурилиш ишлари ўз ҳолига ташлаб қўйилганлиги хусусида эса халқ депутатлари туман Кенгашининг навбатдаги сессиясида кўриб чиқишлик учун “Депутат сўрови” юбордик.
Бундай учрашув ва суҳбатлардан кўзланган мақсад аҳолининг фаровон ҳаёт кечиришлари учун замин яратишдан иборат.
Сапарбой АЛИБОЕВ,
29-Ўзбекистон сайлов округидан
ЎзХДПдан сайланган халқ депутатлари
туман Кенгаши депутати.