Кечагина ўзимиз ҳам мактаб болалари эдик. Мана бугун олийгоҳни тугаллаб, устозларим қаторида, улардан билмаганларимни тортинмай сўраб, ўзим ҳам мактаб ўқувчиларига сабоқ бераяпман. Устоз – улуғ зот. Мен ҳам шу номга муносиб бўлиш учун ўқувчиларимга сабоқ бериш жараёнида дарсларни қизиқарли ва мазмунли ўтказишга ҳаракат қилаяпман. Илгаригига нисбатан ҳозир таълим тизимида ҳам талаб кучли. Мактабда ўқувчиларга инглиз тилидан сабоқ бераётганимга ҳам ўн йил бўлаяпти. 2015 йилда мактабимиз биноси замон талаблари даражасида янгидан қуриб битказилиб, фойдаланишга топширилган эди. Барча синф хоналари кенг ва ёруғ. Хоналар ўқув ва кўргазмали қуроллар билан тўлиқ жихозланган. Ҳозирда мактабимизда маҳалламиз ҳудудидан 578 нафар ўғил-қизлар таълим олишмоқда. Ўқувчиларнинг мактабда ҳавфсизлигини таъминлаш ҳамда ота-оналарнинг фарзандлари ҳавфсизлигидан хавотирда бўлмасликлари учун мактаб биносига кузатув камералари ўрнатилган. 51 нафар ўқитувчиларимизнинг 36 нафари олий маълумотли педагоглар. Устоз ўқитувчиларимиз дарс жараёнини қизиқарли ва мазунли қилиб ўтказиш учун кўпроқ амалий машғулотларга ва тўгаракларга ўқувчиларни жалб қилишга асосий эътиборни қаратишмоқда.
Ҳозирда мактабимизда қўл тўпи, волейбол, шахмат, футбол каби спорт тўгараклари, “Ёш адабиётчилар”, “Ёш кимёгарлар”, инглиз ва рус тилини ўргатиш фан тўгараклари фаолият юритаяпти. Ушбу тўгаракларнинг ҳар бирида 20-25 нафардан ўқувчилар доимий аъзо. Шоҳрух Холбоев, Покиза Абдуманнонова, Азиза Абдуҳамидова ва Маржона Рустамова каби ўқувчилар ушбу тўгаракларнинг фаол аъзоларига айланишган. Мақсадимиз мактабимиздаги барча ўқувчиларни билимли, тарбияли, зукко ва юксак салоҳиятли инсонлар қилиб тарбиялашдан иборат.
ДилшодаПЎЛАТОВА,
15-умумтаълим мактабининг Хотин-қизлар
қўмитаси бошланғич ташкилоти раиси.