Ушбу саволнинг газета саҳифасига олиб чиқилишини... кўпчилик қабул қилолмаслиги аниқ! Ахир, Наврўз — янги кун дегани эмасми, деган гаплар чор тарафдан ёғилиши турган гап...
Келинг, ижодкор эмас, оддий ҳаёт воқеаларининг оддий кузатувчиси сифатида “Наврўз” сўзининг ҳар бир бош ҳарфига бўлган мулоҳазамни баён этсам.
Н — НАВО, КУЙ, ШОДЛИК
Бу хулосага ҳеч ким қарши чиқмаса керак: Ахир, Янги йилимиз - Наврўз қачон навосиз, куй-қўшиқсиз, лапару-рақсларсиз ўтказилган? Шундай экан, қутлуғ байрамимизнинг илк ҳарфи — товушини, куй ва шодлик билан бағишлашимиз лозим эмасми?
А — АҲИЛЛИК, БИРДАМЛИК, ЯНГИЛИК
Аслида бу сўзлар азалий байрамимиз ва удумимиз саналган Наврўзнинг қиёфасини белгиловчи сифатлардир. Негаки, ана шу сифатлар туфайли бир-биримизга бўлган эътиборимиз, садоқатимиз, бирдамлигимиз кўзга кўрингани рост эмасми? Қолаверса, табиат ва инсонлар кўнглидаги янгиликларни кўз олдимизга келтирайлик...
В — ВАФО, САДОҚАТ, ЛАФЗ
Халқимиз тилидан ва дилидан ўрин олган ушбу сўзларга изоҳ беришга ҳожат бўлмаса керак. Майли, айрим “унутганлар” учун тилга олишга тўғри келмоқда: вафо — вафосизларга эслатма, садоқат — ўз садоқатига чап кўз билан қараганларга яна бир бор эслатма, лафз — вафо, ваъда ва садоқатига хиёнат қилганлар учун... эслатма!
Р — РАҲМ, ХАЙР, САДАҚА
Ушбу ойда бир-бирига раҳм-шафқат кўрсатиш, хайр-садақа улашиш ўзига хос урфга айланиши бор гап. Нега бир-биримизга шундай савол бермаймиз: “Раҳм, хайр, садақа мавсуми” ҳам борми?..
Ў — Ў (У) УНМОҚ, КЎКАРМОҚ, ИЛДИЗ ОТМОҚ
Халқимизда унгин, ўсгин, илдиз отгин, деган пурҳикмат нақл бор. Ана шу нақл маъноси ҳам бевосита Наврўз тантаналари билан боғлиқ эканлигини кўз олдимизга келтирайлик. Негаки, ерга қадалган уруғ, ўтқазилган кўчат айнан Наврўз мавсумида унади, кўкаради, илдиз отади...
З — ЗИЁ, НУР, ИСТИҚБОЛ
Наврўз... айниқса, бу мавсум анчайин узоқ давом этган юртимиз ва халқимизга зиё ва нур таратгани рост бўлсин! Одатда, Наврўз бошланиши билан қуёш чарақлаб, чор-атроф унинг кўз қамаштирувчи нурларига чулғанади. Зиё ва нур ҳамиша келажагимизнинг биз кўрадиган-кўрмайдиган, илғайдиган-илғамайдиган томонларини белгилаб беради. Зеро, зиё ва нур фақатгина қуёшнинг порлашидан иборат эмас, балки, бир-биримизнинг бошқаларга ҳам бўлган ўзаро муносабатимиз, қалбимиздан таралаётган нур эканлигини ҳам унутмаслигимиз зарур. Зеро, бугун билиб-билмай, ўзимизча “зиё-нур”, деб атайдиган ўзаро муносабатларимиз истиқболимиз эгалари бўлган фарзандларимиз келажагига парда бўлмасин...
Қувондиқ ХАЛИЛОВ.