Мактаб – ёш авлодни катта ҳаётга тайёрловчи улуғ маскан. Дарҳақиқат, ҳали болалик хаёлларини тарк этиб улгурмаган болакай мактаб остонасига қадам қўяр экан, ўзини жамиятнинг бир бўлаги эканини ҳис қила бошлайди. Ўсаётган янги ниҳолдек нозик кичкинтойни биринчи Устоз қўлларидан тутиб, ихлос билан тафаккур куртакларини суғоради. Ҳар нарсага қизиқувчанлик ва синчковлик билан қарайдиган мурғак бола бевосита шу даргоҳда ўзига ишонган, сўзларини топиб сўзлайдиган, келажакдан умидлари кўп шахс бўлиб етишади. Айнан мактаб даврида боланинг Ватан, жамият, инсонлар ва келажак ҳақидаги дастлабки қарашлари шаклланади. Шу боисдан ҳам ҳамма замонларда мактаб таълимига алоҳида эътибор бериб келинган.
Айниқса, бугунги глобал ривожланиш асри, ахборот технологиялари даврида мактаб таълимига эътибор қаратиш ҳар қачонгиданда кўпроқ долзарблик касб этмоқда. Китоб-журналлардан кўра уяли алоқа воситалари-ю компютер ўйинларига кўпроқ қизиқиш билдираётган замонавий ёшларни қадриятларимизга ҳурмат руҳида тарбиялаш, кўнгилларига илм-маърифат уруғларини қадаш осон иш эмас, албатта. Бу халқ таълими тизими ходимларидан чин маънода фидойиликни талаб қилади.
Давлатимиз раҳбарининг Олий Мажлисга ва шу орқали халқимизга йўллаган Мурожаатномасида таълим тизими ходимларини қўллаб-қувватлашга доир таклифлари соҳа ходимларини, шубҳасиз, руҳлантирди ҳамда масъулиятини яна бир ҳисса оширди. Бутун инсониятга хавф солиб турган пандемия шароитида халқ таълими тизими ҳам анчагина синовлардан ўтди. Эпидемиологик вазиятдан келиб чиқиб, масофавий таълимга ўтиш, тан олиш керакки, мамлакатимиз таълим соҳасида ҳали бери кутилмаган катта бурилиш бўлди. Бу синов ўқитувчи, аввало, халқ келажаги учун виждонан ишлаши кераклигини, ўқувчи эса форма-ю давомат талаб қилинмаганда ҳам, тепасида ўқитувчи тинимсиз танбеҳ бериб турмаганда ҳам ўзи учун, ўз келажаги учун ўқиши лозимлигини тушунишига кўмаклашди.
Олдимизда янгиликларга, янги ва яхши ўзгаришларга бой 2021йил турибди. Инсоният тожли балодан ҳали тўлиқ халос бўлолмаган бўлса-да, яхши ниятда эзгу ислоҳотлар учун енг шимарамиз. Унутмайликки, вужудимиздаги руҳ ишланмаган олмосга ўхшайди. Унга сайқал берилмаса, ҳеч қачон порлай олмайди. Биз мактабда болаларимизга ўша олмосни қандай сайқаллашни ўргатамиз. Зеро, янги давр мактаб остонасидан бошланади.
Дилбар МАҲРАМҚУЛОВА,
42-умумий ўрта таълим
мактаби директори.