“Ёзув – кўнгил ойнаси”
Мен бир неча йиллардан буён бошланғич синф ўқитувчисиман. Ушбу мақолани ёзишга бир воқеа сабаб бўлди. Иш юзасидан юқори синф ўқувчиларидан иншо олинганда уларнинг ҳуснихатига қараб ҳайратга тушдим. Уларга ҳам биз каби зиёли педагоглар, олий маълумотли ўқитувчилар дарс бериб келишмоқда-ку, ахир...
Бошланғич таълим бу - ўқувчи ҳаётида илм сари қўйиладиган илк пойдевордир. Мактаб остонасига илк қадам қўйган жажжи боланинг қўлларига қалам тутиб, ОНА, ВАТАН, НОН сўзларини ёздириш, уни тили бийрон, нутқи равон қилиб тарбиялаш биз ўқитувчилар зиммасидаги энг масъулиятли бурчдир.
Шундай экан, барча ўқувчини чиройли ёзувга, хуснихат талабида ёздиришга ўргатиш лозим. Халқимизда“Ёзув - бу қалб кўзгуси” деганнақллар бежизга айтилмаган.
Ҳар бир ҳарф унсурларини намунадагидек ўргатсак, қунт билан билим бериб, ҳар бир ўқувчига алоҳида эътибор билан вақт ажратсак, шундагина биз кўзланган мақсадга эришамиз. Ўқувчини чиройли ёзувга ўргатиш учун аввало, ўқитувчининг ўзичиройли ҳуснихатга эга бўлиши керак.Чунки, эндигина мактабга илк қадам қўйган ўқувчи устоз ўқитувчисини ўз онаси каби яхши кўради, меҳр беради ва устозига қараб тақлид қилади. Ўқитувчи ўқувчи дафтарига ҳарф шаклларини қандайшаклда намуна қилиб кўрсатса, худди шундай ёзишга одатланади.
Ёзув - бу кўнгил ойнаси. Қалбингиздаги бор жамики гўзал фазилатлар сизнинг ўз ҳуснихатингизда акс этсин.
Наргиза ТОШБЕКОВА,
туман халқ таълими бўлими бошланғич таълим
фани методисти.