бу унинг келажаги учун муҳим
Ўзбеклар болажон халқ. Кўп болали оилалар, қаҳрамон оналар фикримизни тасдиқлайди. Давлатимиз сиёсати ҳам ёш авлодни маънавий баркамол қилиб тарбиялашни кўзда тутади. Ҳозирги даврда айниқса, бола тарбияси, унга тўғри таълим бериш давлатимизда энг долзарб мавзулардан бири бўлиб қолмоқда. Давлатимиз раҳбарининг таълимга алоҳида эътибор қаратаётганлиги, илғор мамлакатларнинг таълим соҳасидаги ютуқлари ва тўплаган бой тажрибаларини миллий қадриятларимизга мос равишда таълимда қўллаш ҳақидаги кўрсатмалари бунинг яққол мисолидир. Буни жаҳон ҳамжамияти ҳам эътироф этаяпти.
Ҳозирги вақтда Финляндиянинг таълим тизими, шу давлатнинг тарбия соҳасидаги ютуқлари давлатимизнинг таълим соҳасидаги мутахассислари томонидан катта қизиқиш билан ўрганилмоқда.
Биз ота-оналар таълимга ва фарзандларимизнинг тарбиясига етарлича эътибор беряпмизми?
Ҳеч кимга сир эмас, таълимни ҳам, тарбияни ҳам мактаб зиммасига юклаб қўйиб, фарзандини фақатгина моддий томондан таъминлаяпман-ку, дейдиган ота-оналар орамизда учраб туради. Фарзанднинг моддий таъминоти эмас, унинг баркамол авлод бўлиб етишишида ота-онанинг маънан қўллаб-қувватлаши муҳимдир. Лекин, бу зарур омил эканлигини баъзан унутиб қўймаяпмиз-ми? Фарзандимиз аълочи, одобли бўлиши мумкин, лекин у ҳаётга қанчалик тайёр, мустақил ҳаётга қадам қўйганда қийналмай, ҳаёт қийинчиликларини енга оладими ёки йўқми? Унинг қанчалик мустақил эканлиги биз ота-оналарга, айниқса ўғил фарзанд тарбиясида оталарга кўп жиҳатдан боғлиқ.
Биз ота-оналар фарзандимиз билан қачон дилдан суҳбатлашдик, унинг қизиқишлари, дўстлари ҳақида етарлича маълумотга эгамизми? Буни ўйлаб кўришга айримларда вақт йўқ. Фарзандимиз бирор айб қилса уни урушамиз ёки тартибга чақирамиз. Лекин, уни бу ишни қилишига нима сабаб бўлгани билан қизиқмаймиз. Фарзандимиз тушунтирмоқчи бўлса жаҳл билан бақирамиз ёки айрим ҳолатларда қўл кўтаришгача борамиз. Ўйламаймизки, фарзандларимизнинг кичикроқ бўлса ҳам ўз дунёси ва ўз қарашлари бор. У ҳам ўз қарашларидан келиб чиқиб қарор қабул қила олади. Бу қарашлар кўпроқ бизнинг тарбиямиз ёки болага бўлган муносабатларимиз асосида шаклланишини ўйлаб кўрмаймиз. Дейлик, бола мактабда синфдоши билан урушди. Бунга нима сабаб бўлганлигини сўрадингизми? Балки у дўстига уй вазифасини кўчириб туришга бермагандир.
Бу ўйлаганимизчалик ёмон ҳолатмас. Чунки, бола кимгадир йўқ дея олиши келажакда ўзини ҳимоя қила олиши, кимгадир тобе бўлмай, мустақил ҳаракат қила олишидан далолат. Биз бунинг асл сабабини сўраб, болага тўғри йўл кўрсатишимиз, уни кўчиришга бериб турмаганлиги тўғри ҳолат эканлиги, лекин дўстларни қўллашимиз, қийин ҳолатларда ёрдам беришимиз кераклиги ва унга биргаликда ўртоғи билан дарс тайёрлаши мумкинлигини айтишимиз мумкин. Агар болага “бугун устозинг менга қўнғироқ қилди, мактабда урушипсан, нега урушасан, тинчгина юрсанг бўлмайдими” десангиз, бу бола руҳиятига қанчалик таъсир қилишини кўпчилигимиз ўйлаб ҳам кўрмаймиз.
Болада “ким кучли бўлса у ғалаба қозонади” деган тушунча шакллана бошлайди. Кейинчалик бу нарса болада баҳсли ва зиддиятли масалаларни жанжал ёки бақир-чақир қилиш йўли билан ҳал қилиш хусусиятининг шаклланишига сабаб бўлиши мумкин. Бундай ҳолатлар жамиятимизда кўплаб нохуш ҳолатларни келтириб чиқараётганлиги ҳеч кимга сир эмас.
Болангиз бирор айб қилса жазолашга шошилманг. У шундай қилишига нима сабаб бўлганлигини сўранг. Балки у сизнинг маслаҳатингиз, қўллаб-қувватлашингизга муҳтождир, балки тўғри йўлни топишда қийналиб, зарур қарор чиқара олмаётгандир. Болангиз келажакда ҳар қандай вазиятларда тўғри қарор қабул қила олиши, зиддиятли вазиятларда ҳам ўзини муносиб тута олиши учун биз ота-оналарнинг масъулиятимиз қанчалик муҳим эканлигини унутманг, азиз ота-оналар!
Гулчехра ХУШВАҚТОВА,
21-умумтаълим мактаби бошланғич синф ўқитувчиси.