Фарзандининг яхши билим олиб, фан олимпиадаларида юқори ўринларни эгаллаши, етук мутахассис бўлиб етишиб, эл-юрт равнақи йўлида самарали фаолият юритиши учун пухта замин ҳозирлаш ҳар бир ота-онанинг бурчи. Бунга эришиш учун ҳар бир йигит-қиз масъулиятли босқич – тайёргарлик босқичидан ўтиши шарт.
Мактаб ёшига етиши жараёнида уларнинг жисмоний, руҳий ва ақлий ривожланиши, айниқса, саломатлиги мустаҳкам бўлиши зарур. Ана шунда уларнинг мактаб ҳаётига мослашуви жараёни осон кечади.
СОҒЛОМ ТУРМУШ – СОҒЛОМ РИВОЖЛАНИШДИР
Ёш авлоднинг ҳар қандай янги шароитга мослашувида оиласидаги соғлом муҳит ҳал қилувчи омил саналади. Ахир унинг илк тасаввурлари, ён атрофдагилар билан мулоқот қилиш кўникмалари, аввало, оилада шаклланади-да. Ота-онанинг берган тарбия ва кўникмалари боланинг таълим жараёнидаги қоидалар, у учун янги бўлган шароитга тезда мослашишига ёрдам беради. Мактаб ҳаёти, кун тартиби бола учун ўзига хос доимий жисмоний ва ақлий юклама бўлиб, бу шароитга мослашиши, янги билимларни эгаллаши ва эслаб қолиши учун анчагина куч талаб этилади.
Боланинг соғлом овқатланишига алоҳида эътибор қаратиш лозим. Унинг кундалик таомномасида гўшт ва сут маҳсулотлари, витаминга бой мева-сабзавотлар етарли миқдорда бўлиши лозим. Шахсий гигиена қоидаларига қатъий амал қилиши ҳам муҳим ўрин тутади. Шунга алоҳида эътибор бериш керакки, агар бола суткасига 8 соатдан кам ухласа, дарс пайтида чарчаб, уйқу босиши ва ўқув машғулотларини ўзлаштириши қийин кечади. Бунга йўл қўймаслик учун боланинг эрталаб бадантарбия билан шуғулланиши, сузиш машғулотларида қатнашиши, тоза ҳавода сайр қилиши, велосипедда учиши доимий бўлиши тавсия этилади.
ҲАМ ЖИСМОНАН, ҲАМ РУҲАН ТАЙЁРМИ?
Фарзандни мактабга руҳан тайёрлаш муҳим аҳамият касб этади. Ўқув қуролларини харид қилишда унинг ўзи танлашига имкон бериш керак. Ота-она томонидан болада меҳнатсеварлик, сабр-тоқат ва ҳар бир ишга жиддий ёндашиш ҳисси шакллантирилиши лозим. Бошлаган ишини асло чала қолдирмай, охиригача етказиш кераклигини ўргатиш унинг дарс тайёрлашга масъулият билан ёндашишини таъминлайди. Боланинг уй вазифаларига ёрдам бериш, кейинчалик ўзи мустақил бажаришини назорат қилиш мақсадга мувофиқ. Фарзандининг мослашиши даврида ота-оналар унга ишонч билдиришмаса ва ижобий муносабатда бўлишмаса, унда қўрқув ва ҳафсаласизлик пайдо бўлиши мумкин. Демак, оилада тинч-тотувлик ва ўзаро самимий муносабатда бўлишни таъминлаш лозим.
Дарсдан сўнг фарзанд билан шуғулланиш, унга вақт ажратиб, турли ўйинлар ўйнаш боланинг билим доирасини кенгайтириб, мустақил фикорлаши, дунёқарашининг шаклланишига замин яратади. Эртаклар ўқиш, ҳикоялар гапириб бериш эса боланинг нутқини равон қилиб, хотираси мустаҳкам бўлишига кўмак беради.
Боланинг мактаб ҳаётига жисмоний ва руҳий тайёргарлиги унинг таълим муассасасида чуқур таҳсил олишини таъминлайди. Ота-оналар эса ушбу жараёнларга асло бефарқ бўлмаслиги, унга масъулиятни унутмаган ҳолда ёндашишлари, фарзандлари билан мунтазам шуғулланишлари лозим. Чунки, яхши парвариш кўрган дарахт мўл ва сифатли ҳосил бериши, бу мевадан эл-юрт баҳраманд бўлиши ҳаётий ҳақиқат-да.
Зиёда САТТОРОВА,
туман Тиббиёт бирлашмаси кўп
тармоқли марказий поликлиникаси
қошидаги “Саломатлик маркази” мудири.