Кундан-кунга чирой очиб бораётган туманимиз марказидаги Фозил Йўлдош ҳамда Хотира хиёбонида мустақиллигимизнинг 27 йиллик байрами кенг жамоатчилик иштирокида қизғин нишонланди. Тадбир иштирокчилари ана шу қутлуғ айём билан бир-бирларини самимий табрикладилар.
- Азиз дўстим, мустақиллик муборак бўлсин, - дея қучоқ очиб бир-бирини самимий қутлади Бот-ботлик Бозорбой бобо Чангалпаёнлик қадрдон дўсти Умурзоқ бобо билан кўришар экан. - Ота-боболаримиз орзу қилиб ўтишган бундай фаравон, тинч-тотув ҳаётда фарзанларимиз, ўғил-қизларимиз, невара-чевараларимиз билан бахтли яшаётганимиздан бахтиёрмиз, - дейишди улар дуога қўл очишиб.
Байрам иштирокчилари қалблари қувончга тўла ҳолда, лабларида табассум билан бир-бирларига эзгу тилаклар билдиришди.Байрамда иштирок этган кекса-ю-ёшлар туман маданият ва аҳоли дам олиш маркази хонанда-ю созандалари ижросидаги шўх куй ва қўшиқларга ҳамоҳанг рақсга тушишди. Улар билан бирга мустақиллигимизни, Она Ватанимиз мадҳини куйловчи қўшиқларни жўр бўлиб айтишди.
- Мактабгача тарбия масканлари тарбияланувчилари, ёшлар ва катталар ижросидаги куй ва қўшиқлар, жозибали рақслар байрам иштирокчиларида катта таассуротлар қолдирди, - дейди Ўзбекистон Республикаси халқ таълими аълочиси, фахрий педагог Тўйчибой Ғаффоров. - Бундай ажойиб кунларни ота-боболаримиз орзу қилишган эди.
Байрам иштирокчиларини туман ҳокими ўинбосари Бекзод Ильчиев Мустақиллигимизнинг 27 йиллиги билан қизғин табриклади. Кечгача давом этган бу байрам тантаналари уйларга, ҳар бир хонадонга бир олам қувонч олиб кирди.
Раббим ҲОТАМОВ.