Халқимиз азалданёши улуғ инсонларга, нуроний отахон ва онахонларимизга алоҳида хурмат кўрсатиб келади. “Қариси бор уйнинг париси бор ”, “Қари билганни пари билмайди” каби пурмаъно нақллар қон-қонимизга сингиб кетган. Бу бежиз эмас, албатта. Зеро, катта ҳаёт тажрибасига эга бу пиру-бадавлат нуронийларимизнинг умр йўллари бизлар учун ҳаёт мактабидир. Уларнинг сўзларига қулоқ тутиб, панду-насиҳатларига амал қилганларнинг дунёқараши кенгайиб, кўп масалалардаги фикрлари теран бўлишини ҳаётнинг ўзи кўрсатиб турибди. Ёшларни тарбиялашда, оила ва маҳалла-куйда тотувлик ва осойишталикни таъминлашда кексаларимиз ўгити бугунги кунда муҳим аҳамият касб этади.
Мамлакатимизда кексалар ва фахрийларни ижтимоий ҳимоялаш, уларнинг фаолигини ошириш, мамалакатнинг ижтимоий-сиёсий ҳаётида тўлақонли иштирок этишлари учун шарт-шароит яратилган. Тинчлик ва осойишталикни таъминлаш соҳасида катта авлод вакилларининг ролини оширишга ҳам алоҳида этибор бериб келинмоқда. Бу яратиб берилаётган ғамхўрликлардан мамнун нуронийларимиз бугунги кунда барча соҳаларда яқиндан кўмаклашиш билан бирга, ўзларининг панду-насиҳатларини ёшларга бериб келишмоқда.
Туманимизда ҳам пиру-бадавлат отахон ва онахонларимиз анчагина. Ана шундай пиру-бадавлат нуронийлардан бири “Янгиариқ” маҳалласида истиқомат қилиб келаётган 103 ёшли Ғаппор ота Чўмбоевдир. Бу инсоннинг ҳаёт йўли том маънода ибрат мактабидир. Отахоннинг ёшлик йиллари колхозлаштириш, уруш йилларига тўғри келди. Уруш бошланиши билан Свердловскдаги ҳарбий заводда фронт учун зарур ҳарбий техникалар етказиб беришга отланган Ғаппор Чўмбоев 1946 йилда соғ-саломат она қишлоғига қайтиб, колхозда меҳнат фаолиятини бошлади. Ҳалол ва самарали меҳнати билан бошқаларга ибрат бўлди. Оддий колхоз ишчисидан бригада бошлиғи, ферма мудирагача бўлган йўлни босиб ўтди. Турмуш ўртоғи Навбат Мамаюсупова билан уч ўғил, уч қизни тарбиялаб, фарзандларининг барчасини она-юртга садоқатли, одамларга мехрибон, фидойи этиб тарбиялади.
Ғаппор ота у кунлар хақида эслар экан, яшаш нақадар оғир бўлганини, очарчилик йилларида одамлар нон ейиш у ёқда турсин, ҳатто кепак ҳам топаолмай, ажриқнинг томирини қайнатиб ейишга мажбур бўлганини айтиб берди. Ажриқ томири фақат қоринни алдаш учун бўлган, ҳадеб бу “таомдан” истеъмол қилинганда қорин шишиб кетади. Ҳатто қанча болаларнинг ўлимига сабаб бўлган. “У кунларнинг бети қурсин”, дейди бобо.
Айни пайтда Ғаппор ота Чўмбоев бардам-бақувват. Бугунги ислоҳатлардан мамнун набира ва чеваралари даврасида бахтли умргузонлик қилиб келмоқда. Бобонинг 30дан ошиқ набира, 65дан кўп эвара, 10 дан ортиқ чеваралари йиғилганда ростмона байрам бўлиб кетади. Юртимиздаги тинчлик ва осайишталикга шукрона айтади. Ўзи яшайдиган ҳудуднинг энг кекса отахони сифатида маҳлладаги ободонлаштириш, кўкаламзорлаштириш ишларида ҳамқишлоқларигазарур қимматли маслаҳатларини бериб келмоқда. Шу билан бирга ҳамон уй ишларида тиниб тинчимайди, шахсий томорқасидаги барча ишларга ёрдам қилиб келади.
-Томорқа етти хазинанинг бири, - дейди бобо. - Ким томорқасини хор қилса, ўзи ҳам хор бўлади. Томорқадан мўл-кўл ҳосил етиштириш фаровонликка элтади, уйингизга барака олиб келади, бозорни арзонлаштиради, алал-оқибат юртимиз бойлигига бойлик қўшиб, дастурхонимиз тўкин бўлишига замин яратади. Ўзим бош бўлиб шахсий томорқамиздан ҳар йили икки-уч марта ҳосил оламиз.
Отахон бўш вақтини бекорга ўтказмайди. Мамлакатимизда бўлаётган барча янгиликлардан хабардор. Ҳамон кундалик газета ва журналларниўқишни канда қилмайди.
-Муҳтарам Президентимизнинг Олий Мажлисга, халқимизга Мурожаатномаларини қайта-қайта ўқиб чиқдим, - дейди отахон Ғаппор бобо Чўмбоев. - Ҳали замон-замон бўлиб халқга бундай катта ғамхўрликлар ва имтиёзлар яратилмаган. Мурожаатлардаги юртимизда яшаётган ҳар бир инсон тинч ва бадавлат умр кечириши, бугун ҳаётдан рози бўлиб яшаши – бизнинг бош мақсадимиздир, дейилмоқда. Энди ҳамма нарса ўзимизга боғлиқ. “Ҳаракатга баракат ” дейишади. Барчамиз биргаликда ҳаракат қилсак, худо ҳоҳласа ўзимиз орзу қилган кунларга бугуннинг ўзидаёқ етамиз.
103 ёшли отахон Ғаппор бобо Чўмбоев Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш. Мирзиёевнинг 2020 йил 28 августда қабул қилинган “Ўзбекистон Республикаси мустақиллигининг йигирма тўққиз йиллиги муносабати билан давлат хизматчилари ҳамда ишлаб чиқариш ва ижтимоий-иқтисодий соҳалар ходимларидан бир гуруҳини мукофотлаш тўғрисида”ги фармонига асосан “Шуҳрат” медали билан тақдирланди. Бу хушхабар барча булунғурликлар қалбини қувончларга тўлдирди.
Хуллас, юртимизда ана шундай нуронийларимиз панду-насиҳати, дуолари бор экан, Ватанимиз янада гуллабяшнайверади.
Ғулом ЎРОЛОВ,
журналист.