Яқинда Тошкент шаҳрида Республика хотин-қизларининг конференцияси бўлиб ўтди. Унда Республика Хотин-қизлар қўмитасининг 5 йиллик фаолияти хусусидаги ҳисоботи тингланди. Ҳисобот маърузасини қўмита раиси Танзила Камолова амалга оширди.
Ҳисоботда Республика хотин-қизлари фаолиятининг ютуқ ва камчиликлари муҳокама этилди. Шунингдек, Бош вазир Абдулла Орипов ҳам маъруза қилди. У ички ишлар органларида аёл кадрларни кўпайтириш, уларни тайёрловчи олий ўқув юртларида қабул квоталарини ошириш кераклиги, ҳозирги кунда жамиятимизда раҳбарлик лавозимида ишловчи аёллар аҳолининг 1 фоизини ташкил этаётгани хусусида айтиб ўтди.
Айтиб ўтилган муаммо ва камчиликлар, хотин-қизлар орасида содир этилаётган жиноятлар, чет давлатларга ишлаш мақсадида чиқиб кетиш ҳолатларининг олдини олиш мақсадида меҳнат ва бандликка кўмаклашувчи тегишли Вазирлик идораларига топшириқлар белгилаб берилди.
Бу борадаги камчиликлар бизнинг туманимизда ҳам учраб туради. Ушбу масала юзасидан туман хотин-қизлар қўмитаси, МФЙ, фаол ва ташаббускор аёллар биргаликда жиддий муносабатга киришиб, фаолият юритишлари зарур бўлади. Конференциядан олган таассуротларим асосида шундай таклиф киритишни жоиз деб ҳисоблайман. Яъни, ҳар бир тадбиркор, фермер ва иш берувчилар ишчилар сонининг маълум қисмини аёлларга ажратиши, камида битта бўлса ҳам хотин-қизларнинг ишли бўлишига кўмаклашиши лозим. Бу мавжуд муаммоларга ечим топишда муҳим ўрин тутар эди.
Президентимиз томонидан хотин-қизларга кўрсатилаётган ғамхўрлик ва эътиборга ана шундай самарали меҳнатимиз, фаолиятимиз билан ҳисса қўшиб қўйган бўламиз. Намунали, фидойилик, ташаббускорликдаги фаолиятимиз орқали ўз миннатдорчилигимизни ҳам кўрсатган бўлар эдик.
Зеро, янги йилда янги режалар, таклифлар ҳамроҳ бўлиб, унинг ижросини амалда кўриш ва кўрсата олишга, ҳаётимиз фаровонлигини оширишга ҳисса қўшишдек бахтга не етсин!
Дилбар ЖАЛИЛОВА,
“Шоҳжаҳон ЖСД” фермер хўжалиги иш юритувчиси,
14-Чўянтепа сайлов округидан
ЎзЛиДеПдан халқ депутатлари
туман Кенгашига сайланган депутат.