Яқинда Ургут туманида туман ҳокимлиги, хотин-қизлар қўмитаси, Ёшлар иттифоқи туман Кенгаши ташаббуси билан “Фаол тадбиркорлик, инновацион ғоялар ва технологияларни қўллаб-қувватлаш йили” давлат дастури доирасида “Ўз бизнесингни бошла” шиори остида амалий тадбир бўлиб ўтди.
Тадбирда вилоятимизнинг барча туманлари маҳаллаларининг хотин-қизлар билан ишлаш ва оилаларда маънавий, аҳлоқий қадриятларни мустаҳкамлаш бўйича мутахассислари вакил сифатида иштирок этишди.
Тадбир иштирокчилари “Кредит кимга берилади?”, “Қандай ҳужжатлар тақдим этилади?”, “Кредит неча кунга берилади?”, “Ёшлар ишни қандай ва нимадан бошлаши керак?” каби саволларга мутахассислар томонидан тегишли жавоблар олишди.
Тадбир давомида иштирокчилар мутахассисларнинг “Ўз бизнесингни бошла” шиори остида ўтказилган амалий тадбир юзасидан маҳорат дарсида қатнашдилар. Шунингдек, “Тадбиркорликни ташкил этиш ва ривожлантиришнинг асосий тамойиллари ва шартлари” ҳақидаги маърузасини тингладилар. ”Ҳар бир оила тадбиркор” дастури юзасидан вилоятда амалга оширилаётган ишлар ва “Микрокредитбанк” хизматлари билан танишдилар.
Тадбир давомида “Тадбиркор аёл”, “Ҳунарманд” уюшмаси ва банк ходимлари, фаол тадбиркор ва ҳунарманд аёллар бизнес фаолияти билан танишиш юзасидан Ургут иқтисодиёт зонаси бўйлаб бизнес-экскурсиялар уюштирилди.
Иштирокчилар Ургут истироҳат боғида “Ибратли ҳаёт мактаби ва қизлар сайлини ўтказиш” ҳамда “Умид” Аёллар ижтимоий мослашув маслаҳат маркази билан танишдилар.
Тадбирда туманимизнинг “Булунғур” ва “Самарқанд” МФЙларининг хотин-қизлар билан ишлаш ва оилаларда маънавий-ахлоқий қадриятларни мустаҳкамлаш бўйича мутахассислари Лола Ашурова ва Муборак Полвоновалар иштирок этишди.
- Тадбир таассуротлари маҳалламиз хотин-қизлари билан ишлашда муҳим рол ўйнамоқда, - дейди “Булунғур” МФЙ хотин-қизлар билан ишлаш ва оилаларда маънавий-аҳлоқий қадриятларни мустаҳкамлаш бўйича мутахассиси Лола Аширова.
Раббим ҲОТАМОВ.