Ўзбекистон халқ шоираси, Ўзбекистон Қаҳрамони, халқаро “Нилуфар” ва “Жавоҳарлаъл Неру” мукофоти соҳибаси Зулфия Исроил қизини яна қанчадан қанча улуғ номлар билан атасак шунча кам...
Энг асосийси - у она, ўзбек онаси, муҳаббат ва баҳор куйчиси, Ҳамид Олимжоннинг севикли ёри, Ҳулкар ва Омонларни дунёга келтирган ва тарбиялаб, вояга етказган мураббий...
Тошкентлик Зулфия Исроилова ўқитувчилар тайёрлаш техникумида ўқир эди. Қошлари қоп-қора, гўзал йигит дарсга кириб келар, Зулфиянинг юраги гурс-гурс уриб кетар, ўзини қаерга қўйишни билмай типирчилаб қолар эди. Устоз шундай берилиб дарс берар, ҳар бир сўзи шеърий сатр бўлиб Зулфия қулоғига сингиб кетар эди.
Энг гуллаган ёшлик чоғимда,
Сен очилдинг кўнгил боғимда.
Шунда кўнглим кўрди баҳорни,
Шунда қалбим таниди ёрни.
Бундай шеър кимга ёқмайди дейсиз. Ҳар бир бўй етган қизнинг юрагига ёқмай иложи йўқ, албатта.
Зулфия Исроил қизи 1915 йил 29 февралда Тошкент шаҳрида таваллуд топди. Ота-онаси ҳайрон. Наҳотки нури-дийдалари ҳар тўрт йилдагина туғилган кунини нишонласа, дугоналари ҳар йили...
Кел, онаси, қизимиз 1мартда туғилган бўла қолсин, деди ота. Бу гап онага ҳам ёқиб тушди. Шундай қилиб, Зулфиянинг туғилган куни 1 мартга кўчди. Борлиқни уйғотувчи, гуллатувчи, яшнатувчи баҳорда туғилган бўлиб, ота-онасини қувонтирди.
Аммо, севгилиси Ҳамид Олимжон узоқ яшамади. Энг гуллаган ёшлик чоғида Тошкентдан Жиззахга, туғилган юртига борар чоғида автоҳалокат туфайли вафот этди. Ўзбекистон ёзувчилар уюшмаси ўз раисидан жудо бўлди... Зулфия опа то умрининг охиригача Ҳамидини эслаб, ҳар бир шеърининг мисраларигача уни хотирлаб ўтди...
Эрта тонг бир даста гул билан,
Қабринг томон олдим йўл.
Бу олам ораста гул билан,
Бу фасл-гул фасли шеър фасли.
Бугун сени ёдламоқ учун,
Келар фарзандларинг, набираларинг.
Зиёратга йўл олар бугун,
Неча мухлис ва шогирдларинг.
Дуоларга кўтардим билак,
Жаннат бўлсин сен борган ул жой.
Ҳулкар, Омон тилида тилак,
Осмонларда балқиб тур эй, ой!
Бугун Адиблар хиёбонида ҳар иккала шоир ва шоира ҳайкали осмонларда балқиб тургандек хиёбонни ёритмоқда, балқиб тургандек ой!
Одил ҲУСАНОВ,
Саид ТУРДИЕВ.