Бугун эл ўзгача, олам ўзгача,
Уйқудан кўз очган, далам ўзгача.
Шоирнинг қўлида қалам ўзгача,
Юртда баҳор бугун, кўнгилда баҳор.
Баҳорни фасллар келинчаги дейишади. Баҳор борлиқни гулу-райҳон ҳидига тўлдирса, келинчак ҳам анвойи атирлар, ўсма ва хиналар билан безанади. Баҳор ҳам, келинчак ҳам борлиқни уйғотади, куйлатади. Шоирлар қўлига қалам олиб, ижодга берилади. Бастакорлар созини олиб, энг яхши куйларини яратади. “Ҳар баҳорда шу бўлар такрор” деб куйлайди ҳофиз...
Фасли навбаҳор ўлди, кетибон зимистонлар,
Дўстлар ғаниматдир, сайр этинг гулистонлар...
Фурқат ғазали билан куйланувчи ушбу қўшиқни завқ билан тингламаган, сокин мусиқаси мумтоз назм жавоҳирига айланган гўзал сўзларидан таъсирланмаган одам бўлмаса керак. Машҳур санъаткор Таваккал Қодиров ижросидаги бу қўшиқни тинглаганда одамнинг кўнглида беихтиёр баҳор, кўкламга ташналик уйғонади, қўшиқ оҳангига мос тебраниб, хиргойи қилишни бошлайди...
Деразамнинг олдида бир туп,
Ўрик оппоқ бўлиб гуллади,
деб ёзади ҳассос шоиримиз Ҳамид Олимжон. Баҳорни гўзаллатиб, оппоқ гулини кўз-кўз қилган ўрик баҳорни, келинчакни кўз олдингизда гавдалантиради. Бу қўшиқ кишининг юрагини ҳиссиётларга тўлдиради, энтиктиради, севгилисини излатади.
Новдаларни безаб ғунчалар,
Тонгда айтди ҳаёт отини.
Ва шаббода қурғур илк сахар,
Олиб кетди гулнинг тотини.
Баҳор манзарасини буюк шоир шеърий мисралар билан шу қадар гўзал чизганки, кўз олдингизда намоён бўлган гуллар, чечаклар, ғунчаларга тўла табиат манзарасидан лол бўлиб қоласиз.
Мана сенга олам-олам гул,
Этагингга сиққанича ол.
Бунда толъе ҳар нарсадан мўл,
То ўлгунча шу ўлкада қол...
дейди шоир. Ўткинчи ташвишларингизга қўл силтаб, лолаларга тўла қир-адирларга чиқиб кетгингиз келади. Шоир ҳам деразасининг олдидаги бир туп ўригининг оппоқ гулларига қараб шундай ажойиб кайфиятдан илҳомланиб ёзган бўлса ажабмас.
Бир ўлкаки, қишларида шивирлар баҳор...
Ойбекнинг шеърини далага чиқиб,
Майсага ёнбошлаб ўқимоқ керак.
Ва секин шивирни, оҳангни ўқиб,
Ойбекми? Майсами? деб толган юрак.
Атоқли шоирларимиздан бири Хуршид Давроннинг адибга бағишланган бир шеъри шундай сатрлар билан бошланади. Гарчи ҳозир юртимизда баҳор энди бошланаётган эсада, Ойбек тимсоли кўз олдимизда яна намоён бўлади. Оташин қалбидан қуйилиб келган шеърлари жонланади. Ойбекнинг Ўзбекистонни ҳаммадан ортиқ севгани аниқ.
Уйғонгувчи боғларни кездим,
Топай дедим қирдан ўзингни.
Лолазорга бурдинг юзингни,
Сен баҳорни соғинмадингму...
Бетакрор овоз соҳиби Икромжон Бўронов куйлаган бу қўшиқ Ўзбекистон халқ шоири, Ўзбекистон Қаҳрамони Абдулла Орипов қаламига хосдир. Абдулла Ориповнинг гўзал ижод намуналаридан куйланувчи бу қўшиқни эшитганда ҳар бир кишининг кўнглида баҳор соғинчи туюлади. Баҳор соғинчи ишқ изтироблари билан уйғунлашиб кетади
Қўшиқни тинглар экансиз, сиз ҳам беихтиёр шоир билан бирга уйғонгувчи боғларда севикли кишингизнинг сиймосини излаётганлигингизни сезасиз. Бу қўшиқни ўзгача ҳаяжон билан тинглашингиз тайин.
Қор қўйнидан зўрға сенга етилдим,
Кўкламойим, кўкингдан бер бир чимдим...
Ҳассос шоир Муҳаммад Юсуфнинг дардли шеъри билан Ғиёс Бойтоев томонидан куйланган бу қўшиқда юқоридаги қўшиқдаги каби изтиробли баҳор соғинчини ҳис қиласиз. Одамлар қишнинг аёзли, қировли кунларидан омон чиқиб, кўкламга етганларидан, кўкка етказганидан шукр қилишади. Яна бир баҳорни кўрганларидан ўзларини бахтли ҳис қилишади. Зеро, кўкламга етиш ҳам ҳаммага насиб этавермайди. Ҳаётнинг оддийгина шу неъматига шукрона айтувчи инсон умрнинг, вақтнинг қадрини англайди, ўзини бахтли ҳис қилади...
Одил ҲУСАНОВ,
Саид ТУРДИЕВ.