Бахт ва баҳор куйчиси Ҳамид Олимжоннинг болалик чоғлари айни мустабид тузум, босқинчилик авж олган талатўп пайтларга тўғри келган. У етти ёшлигидаёқ қўлига кетмон, белкурак, паншаха ва ўроқ тутиб, қўзғолонга отланган халқни, тиш-тирноғигача қуролланган чор Россияси армиясининг халқни ўққа тутишини, кўчаларда ярадорлар ва вафот этганларни, йиғи-сиғи, бақир-чақирларнинг гувоҳи бўлди. Шунинг учун ҳам шоир кейинчалик шеърларида:
Мен бир қаро кунда туғилдим,
Туғилдим-у, шу он бўғилдим,
деб ёзади.
Ҳамид Олимжоннинг бувиси шоиртабиат, зукко инсон бўлиб, кўп эртаклар, ривоят ва достонлар биларди. Ҳассос шоир бувисидан эртак ва ривоятлар эшитиб улғайди. Кейинчалик у бувисининг ҳар бир эртак ва ривоятларини шеърлар, достонларга айлантирди:
Болалик кунларимда,
Уйқусиз тунларимда,
Кўп эртак эшитгандим,
Сўзлаб берарди бувим.
Шоир ўз юрти ва халқини шу қадар севардики, бу унинг ҳар бир шеърида, мисрасида яққол акс этиб турарди. У табиатнинг ҳар бир лаҳзасидан илҳомланар ва унга атаб шеърлар битарди:
Мана сенга олам-олам гул,
Этагингга сиққанича ол.
Президентимиз Фармонига биноан 2021 йилда хассос шоир Ҳамид Олимжоннинг юбилейини ўтказиш белгиланди. Бу ўзбек адабиётининг таниқли вакилига давлат миқёсидаги эътиборнинг белгисидир.
Саид ТУРДИЕВ.