Жорий йилнинг 5 март куни Халқ депутатлари туман Кенгашининг навбатдаги 26-сессияси бўлиб ўтди. Сессияни халқ депутатлари туман Кенгаши раиси Баҳодир Бахрамов бошқарди.
Кун тартибидаги биринчи ва иккинчи масалалар юзасидан туман ҳокимининг биринчи ўринбосари Дилшод Хабибуллаевнинг Булунғур туманида ҳудуднинг барча кўрсаткичларини 30 фоизга ошириб бажаришга қаратилган амалий чора-дастурлар тўғрисидаги маълумоти ҳамда туманда мавжуд ижтимоий-иқтисодий ривожланиш ҳамда асосий кўрсаткичларни 30 фоизга ошириш борасида амалий чора-тадбирлар дастурининг ижроси тўғрисидаги ҳисоботи эшитилди.
Шунингдек, сессия кун тартибидан тумандаги 10, 32, 39, 41, 57 ҳамда 62-умумтаълим мактаблари директорлигига муносиб номзодларни тасдиқлаш тўғрисидаги масала ҳам кўриб чиқилди. Ушбу масала юзасидан туман халқ таълими бўлими мудири З. Алиқулова маълумот берди. Хусусан, умумтаълим муассасаларида директор лавозимига номзодларни тавсия қилиш ва иш берувчининг ташаббусига асосан лавозимидан озод қилиш юзасидан таклиф киритиш тартиби тўғрисидаги Низомнинг 16-бандига асосан Самарқанд вилояти халқ таълими бошқармасининг 2021 йил 25 февралдаги 48-К сонли хатига асосан кўрсатилган номзодлар орасидан энг муносиблари депутатлар томонидан мактаб директорлигига тасдиқланди.
Сессия кун тартибидаги барча масалалар бўйича тегишли қарорлар қабул қилинди.

