Юртимизда амалга оширилаётган ислоҳотларнинг барчаси халқимизнинг турмуш даражасини ошириш ва мамлакатимизни ривожланган давлатлар қаторига қўшишга йўналтирилган. Буни шаҳар ва қишлоқларимизнинг кундан-кун чирой очиб бораётгани, халқимизнинг тўй ва тантаналарни, байрамларни хуш кайфият билан, тантанавор тарзда ўтказаётганлигидан ҳам кўришимиз мумкин. Мана шундай тинчлик-осойишталикнинг, фаровон ҳаётнинг қадрига етмаётган, шукур қилмаётганлар ҳам орамизда учраб турибди. Турли хил йўллар билан соддадил, ишонувчан, кўнгилчан инсонларнинг ишончига кириб, фирибгарлик, товламачиликни ўзларига касб қилиб олган айрим кимсалар ҳам орамизда оз бўлсада учраб турганлиги афсусланарли, албатта.
Ҳар бир оилада фарзандлар улғайгани сари уларнинг талаб ва эҳтиёжлари ҳам ортиб бораверади. Маълумки, оилада фарзанд тарбиясида оналарнинг роли муҳим саналади. Бола уйда кўп вақтини она билан ўтказади. Шуниси ачинарлики, ҳозирги пайтда кўпчилик оталар қатори аёллар ҳам кўпроқ даромад орттириш илинжида балоғатга етмаган фарзандларини қаровсиз қолдиришиб, хорижга кетишмоқда. Натижада, ўз ҳолига ташлаб қўйилган, қаровчисиз қолдирилган балоғатга етмаган фарзандлар маънан қашшоқ бўлиб улғайишади. Бу эса ёшлар ўртасида турли ҳуқуқбузарлик ва жиноятларнинг кўпайишига сабаб бўлмоқда.
Юқоридагиларни инобатга олган ҳолда биз ҳам вақти-вақти билан вилоят ҳудудидаги барча жойларда, шу жумладан Булунғур туманидаги маҳаллаларда ҳам оилаларни мустаҳкамлаш, ёш оилаларни янада қўллаб-қувватлаш, мустаҳкам оила барпо этиш учун зарур шарт-шароитлар яратиш борасида хайрли ишлар олиб бориб, тарғиботлар қилаяпмиз. Зеро, оила соғлом экан – жамият мустаҳкам, жамият мустаҳкам экан – мамлакат барқарордир.
Ғолиб АБДУРАХМОНОВ,
Самарқанд вилоят прокуратураси бўлим бошлиғи.