Ўзбекистон Республикаси Конституцияси ва Инсон ҳуқуқлари Умумжаҳон Декларациясига биноан барча фуқаролар бир хил ҳуқуқ ва эркинликларга эга бўлиб, жинси, ирқи, миллати, тили, дини, ижтимоий келиб чиқиши, эътиқоди, шахси ва ижтимоий мавқеидан қатъий назар, қонун олдида тенгдирлар.
Жаннатмакон диёримизда инсон қадр-қиммати барча нарсадан улуғ саналади. Мамлакатимизда фуқаролар шаъни, қадр-қиммати қонун билан ҳимояланган. Аммо ҳаётда турли хил вазиятлар, айниқса оилада эр-хотин ўртасида нохуш ҳолатлар содир бўлиб туради. Беш қўл баробар бўлмаганидек, айрим кимсалар ўзаро келишмовчиликларини уйида қолдирмайди.
Ана шундайлардан бири Фарида. У муқаддам ҳам судланиб, жарима жазосига тортилган. Лекин... у бундан тўғри хулоса қилмаган кўринади. Акс ҳолда яна жиноятга қўл урмасди.
Кунларнинг бирида Фарида маҳалла-кўй олдида ўз турмуш ўртоғини чунонам ҳақорат қилди. Унинг оғзидан чиқаётган гапларга, халқ тили билан айттанда, илон пўст ташлайди. Хотинининг бундай таҳқирлашларига турмуш ўртоғи оилани асраш учун кўз юмиши мумкин! Аммо, қонун ҳаммага бирдек. Жиноят қилдими, жиноятчи жазосини ҳам олиши шарт.
Афсуски, ҳаётда бундайлар кўп учраб туради. Шундайлардан яна бири Икром. У ҳам муқаддам жарима жазосига тортилган. Бироқ "ор билмасга кор қилмас" деганларидек, Икром ҳам турмуш ўртоғининг шаъни ва қадр қимматини менсимай, ҳақорат қилгани аниқланди.
Албатта, бу кимсалар қилмишларига яраша ўз жазосини олишди. Ачинарли томони эса бундай носоғлом муҳитда камол топаётган норасида гўдаклардан келажакда биз қандай шафқатни, меҳрни ёки бўлмаса баркамол авлодни кутишимиз мумкин?!
Тўлқин ШЕРБОЕВ.