Юртбошимиз ғоялари билан “Келажак сари” шиори остида ўтказилган Ўзбекистон фаол тадбиркорлари анжуманида қабул қилинган мурожаат Ватанимиз тақдирига бефарқ бўлмаган ҳар бир инсонни яратувчанлик, фидойилик ва замон билан ҳамнафас яшашга чақиради.
Мурожаатномада давлатимиз раҳбарининг “Халқ бой бўлса, давлат ҳам бой ва қудратли бўлади”, “Тадбиркорликни ривожлантиришга тўсқинлик қилиш – давлат ва Президент сиёсатига тўсқинлик қилиш”, дея айтган сўзлари, тадбиркорларга билдирилаётган ишонч ҳамда мамлакатимизнинг бугунги ва эртанги куни, халқимизнинг фаровон ҳаёти учун масъулиятни теран ҳис қилган ҳолда, эндиликда эскича ишлаш ва фикрлашга ҳеч биримизнинг ҳаққимиз йўқ эканлигини яна бир бор чуқур англатади. Шунингдек, барча тадбиркорларни Президентимиз ташаббуси билан Ҳаракатлар стратегияси ҳамда Давлат дастурида илгари сурилган вазифаларни бажаришда жипслашишга, уларни фаолиятимиз дастуриламалига айлантиришга, жонажон Ватанимизни ривожланган демократик давлатлар қаторига олиб чиқиш, халқимизнинг фаровон ҳаётини таъминлашдек юксак мақсад йўлида олиб борилаётган кенг қамровли ислоҳотларда бевосита қатнашишга чорлайди. Юртбошимизнинг “Ҳеч нарса ўз-ўзидан бўлмайди”, деган пурмаъно сўзларига амал қилиш, фаолиятимизни инновацион, замонавий, илғор технология ва бошқарув усуллари асосида ташкил этадиган, ақл-идрокини тараққиётга бағишлайдиган, фарзандлар тақдирини кўзлайдиган, рақобатдош маҳсулот ишлаб чиқариб, янги иш ўринлари яратиб, шиддат билан ривожланаётган давр талабига мос тадбиркор бўлиш лозимлигини ҳис этган ҳолда иш юритиш давр талабидир.
Президентимизнинг Олий Мажлисга йўллаган Мурожаатномаси, Давлат дастурида баён этилган мақсад ва вазифаларни изчил амалга ошириш, она юртимиз тақдири ва келажаги, фарзандлар бахту-камолини таминлашда ҳал қилувчи босқич бўладиган 2018 йил барчамизни бир ёқадан бош чиқариб ишлашга, умумий мақсадлар йўлида бирлашишга чорлайди.
Муҳтарам Юртбошимиз “Тадбиркор – бу тараққиёт локомативи, юрт таянчи”, дея бизга катта ишонч билдирар экан, биз ҳам бу ишончни тўлалигича оқлаб, амалга оширилаётган кенг қамровли ислоҳотларда фаол тадбиркор сифатида иштирок этайлик. Ватан тақдирига даҳлдорлик ҳисси билан яшаш ва ишлаш асосий вазифамиз ва ҳаётимиз мезонига айлансин. Ана шундагина халқимиз фаровонлиги ва юртимиз равнақига муносиб ҳисса қўша оламиз.
Баҳодир ҲАКИМОВ,
ЎзЛиДеПдан сайланган халқ депутатлари
туман Кенгаши депутати, хусусий тадбиркор.