“Ҳеч ким қулликда ёки эрксиз ҳолатда сақланиши мумкин эмас, қуллик ва қул савдосининг барча кўринишлари тақиқланади”.
Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон Декларацияси, 4-модда.
Мамлакатимиз мустақилликка эришгач, демократик ҳуқуқий давлат барпо этиш йўлида барча соҳаларда кенг қамровли ислоҳотларни амалга оширишга киришилди. Бинобарин, инсон, унинг ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлаш масаласида халқаро ҳамжамият томонидан эътироф этилган қоида ва меъёрларни тан олиш, уларни миллий қонунчиликда жорий қилиш борасида улкан ишлар амалга оширилди. Ҳозирги кунда 60 дан зиёд халқаро ҳужжатларнинг ратификация қилинганлиги бу борада олиб борилаётганислоҳотларнинг кўламини яққол намоён этади.
Мамлакатда ҳуқуқий демократик давлат қуриш, адолатли фуқаролик жамиятини барпо этиш йўлида амалга оширилаётган кенг қамровли ислоҳотларнинг асосий мақсади инсон ва фуқароларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ҳамда манфаатларини ҳимоя қилишдир. Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 26-моддасида белгиланганидек: “Ҳеч ким қийноққа солиниши, зўравонликка, шафқатсиз ёки инсон қадр-қимматини камситувчи бошқа тарздаги тайзиққа дучор этилиши мумкин эмас”.
Одам (айниқса, аёллар ва болалар) савдоси билан боғлиқ жиноятлар трансмиллий уюшган жиноятчиликнинг узвий таркибий қисми бўлиб, БМТ ва миграция бўйича халқаро ташкилотнинг маълумотларига қараганда миллионлаб шахслар ундан жабр кўраётганлигидан далолат беради.
Одам савдоси – ҳозирги куннинг долзарб муаммоларидан биридир. Ундан келадиган даромад гиёҳванд моддалар ва қурол савдосидан сўнг учинчи ўринда туради. Жинсий эксплуатация, мажбурий меҳнат, болалар меҳнатини эксплуатация қилиш айрим мамлакатларда шунчалик кенг тарқалганки, натижада ҳозирги кунда миллат генофондига, шу билан бирга миллий хавфсизликка жиддий хавф туғдирмоқда. Мамлакатимиз қонунчилиги томонидан собиқ иттифоқдош республикалар ичида бизнинг давлатимизда биринчилардан бўлиб 1994 йилда жиноят қонунчилигида одамларни жинсий ёки бошқача тарзда эксплуатация қилиш учун уларни ёллаш учун жавобгарликни белгиловчи норма қабул қилинди.
2003 йилда Ўзбекистон юқорида қайд этилган БМТнинг 1949 йилги Конвенциясига қўшилди. 2008 йилда эса БМТнинг трансмиллий уюшган жиноятчиликка қарши Конвенциясини тўлдирувчи Одам савдоси, айниқса, аёллар ва болалар савдосининг олдини олиш, бартараф қилиш ва бунинг учун жавобгарлик тўғрисидаги Баённомани тасдиқлаб, аҳолини огоҳлантириш, жабрланувчиларни ҳимоя қилиш ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар фаолияти самарадорлигини оширишга қаратилган дастурларни амалга ошириш ва уларни қўллаб-қувватлаш орқали одам савдосининг олдини олиш ва бартараф қилиш мажбуриятини олди.
Обид САТТОРОВ,
Ўзбекистон Ёшлар иттифоқи
туман Кенгаши раиси.