Халқ депутатлари туман Кенгашининг ўттиз учинчи сессияси бўлиб ўтди. Сессияда жорий йилнинг биринчи ярмида туманда қонунийликни мустаҳкамлаш, жиноятчиликка қарши курашиш ва унинг олдини олиш, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликлари, жамият ва давлат манфаатларини ҳимоя қилиш борасида амалга оширилаётган ишлар ҳақида туман прокурори А. Абдурахмонов ахборот берди.
Халқ депутатлари туман Кенгашининг Қонунийлик, ҳуқуқ-тартибот ва фуқаролар хавфсизлигини таъминлаш масалалари бўйича доимий комиссияси раиси С. Бозоров 2017-2018 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантириш бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясини “Фаол тадбиркорлик, инновацион ғоялар ва технологияларни қўллаб-қувватлаш йили”да амалга оширишга доир Давлат дастури 2-банди ижросини таъминлаш бўйича қилинаётган ишларни қайд этиб, шунингдек Ўзбекистон Республикасининг Сайлов кодекси лойиҳаси юзасидан таклифларини баён қилди.
Соғлом овқатланишни ташкил этиш ва аҳоли ўртасида соғлом турмуш тарзини тарғиб қилиш муҳим аҳамиятга эга масалалардан. Бу ҳақда ЎзМТДП туман Кенгаши раиси А. Шокиров ўз фикрларини билдирди.
Тўй-ҳашамлар, оилавий тантаналар, маърака ва маросимлар, марҳумларнинг хотирасига бағишланган тадбирлар ўтказилишини тартибга солиш давр талаби. Шу боисдан сессияда ушбу масалалар бўйича иш олиб борувчи комиссия тузишга қарор қилинди.
Ветеринария – халқ турмушини юксалтириш ва саломатлигини муҳофаза қилишдек масъулиятли соҳалардан. Соҳанинг асосий вазифалари нималардан иборат ва бу борада туман ветеринария бўлими қандай фаолият юритаяпти? Ана шу каби долзарб масалалар ЎзХДП туман Кенгаши раиси Б. Ражабовнинг маърузасидан жой олди.
Халқ депутатлари туман Кенгашининг Ёшлар сиёсати ва соғлом авлод масалалари бўйича доимий комиссияси раиси З. Алиқулова аҳоли бандлигини таъминлаш учун тижорат банклари томонидан микрокредитлар ажратиш тартиби тўғрисида фикрларини билдириб, тумандаги тижорат банклари филиаллари бу масалага қандай муносабатда бўлаётганлигини кўрсатиб ўтди.
“Ёшлар – келажагимиз” Давлат дастури асосида ёшларнинг бандлигини таъминлаш, уларни тадбиркорлик фаолиятига кенг жалб қилиш, ўз тадбиркорлик фаолиятини юритмоқчи бўлган ёшларга зарур кредитлар ажратиш бўйича туманда амалга оширилаётган ишлар туман ҳокимининг ёшлар сиёсати, маънавий-маърифий ҳамда ижтимоий масалалар бўйича ўринбосари Б. Ильчиевнинг ахборотида кўрсатиб ўтилди.
Сессияда кўрилган барча масалалар юзасидан тегишли қарорлар қабул қилинди.