Юртимиздаги барча соҳаларда бўлгани каби бизнинг тизимда ҳам туб ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Айниқса Ички Ишлар тизими ходимларини тажрибали, малакали ва етук кадрлар билан таъминлаш, уларни профессионал даражада тарбиялашга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Президентимизнинг 2017 йил 16 августдаги “Ички ишлар органлари ходимларини тайёрлаш, қайта тайёруаш ва малакасини ошириш тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Қарорига мувофиқ жорий йилдан бошлаб вилоятимиз марказида Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлигининг Самарқанд академик лицейи ташкил қилиниб 2018-2019 ўқув йили учун ўқувчиларни қабул қилишни бошлади. Академик лицейга вилоятимиз ҳудудида яшовчи умумтаълим мактабларининг 9-синф битирувчилари қабул қилинади. Эндиликда 2020-2021 ўқув йилидан бошлаб Ички ишлар вазирлиги академиясининг кундузги таълим шаклига қабул фақат идоравий академик лицейлар, ҳарбий академик лицейлар битирувчилари таркибидан амалга оширилиши белгиланди. Академик лицейга ўқишга қабул қилинган ўқувчиларни чуқурлаштирилган ва касбга йўналтирилган ҳолда ўқитиш, интеллектуал ривожланишини таъминлаш ҳамда ватанпарварлик, ватанга садоқат руҳида тарбиялаш ва билим беришга эътибор кучайтирилади. Хусусан, ўқувчиларни сифатли ўқитиш, Ватанга юксак фуқаролик ҳамда демократия, мустақиллик ғояларига, халқимизнинг маънавий ва тарихий қадриятларига садоқат руҳида тарбиялаш, қонунчиликни тўғри тушунтириш ва уларга риоя қилинишини таъминлайдиган, юксак маданиятни , касбий кўникмаларни сингдириш, жисмоний чидамлилик, чаққонлик ва тезкорликни ривожлантириш, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликлари ва қонуний манфаатларини ҳурмат ва ҳимоя қилиш, улар билан хушмуомалада бўлиш маданиятини шакллантириш асосий вазифалардан бири бўлиб қолади.
Шунингдек тегишли ихтисослик фани бўйича халқаро олимпиадаларнинг республика босқичи, Жисмоний тарбия ва спорт давлат қўмитаси томонидан ўтказилган танловлар ва мусобақалар ғолиблари, ўз хизмат вазифаларини бажариш чоғида халок бўлган ҳарбий хизматчилар ва ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари ходимларининг фарзандлари дастлабки ва махсус профессионал танлов талабларига жавоб берсалар, тест синовларисиз қабул қилиниш ҳуқуқига эга. Ҳозиргача ушбу академик лицейда ўқиш истагини билдирган туманимиз ўқувчиларидан 14 нафарининг ҳужжатлари жамланиб вилоятга жўнатилди. Шу билан бирга Республика Ички ишлар академияси, Ички ишлар вазирлиги Ёнғин хавфсизлиги институти ва Ҳарбий техника институтида ўқиш истагини билдирган ёшлардан 200 нафаридан зиёдининг ҳужжатлари тахланиб тегишли жойларга юборилди. Ички ишлар академияси олийгоҳига ўқишга кира олмаган идоравий академик лицейларнинг битирувчилари Вазирлик томонидан белгиланадиган тартибда устунлик асосида ички ишлар органлари хизматига қабул қилинадилар.
Бардошбек СОЛИЕВ,
Булунғур туман ИИБ кадрлар билан ишлаш
бўлими бошлиғи, катта лейтенант.