Мамлакатимизда инсон манфаати, унинг қадр-қиммати олий қадрият деб эътироф этилган. Юртимизда олиб борилаётган адолатли, инсонпарварлик ғояси билан суғорилган сиёсатнинг мазмун-моҳияти бугун амалга оширилаётган ислоҳотларда акс этмоқда. Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 37-моддасига кўра ҳар бир шахс меҳнат қилиш, эркин касб танлаш, адолатли меҳнат шароитларида ишлаш ва қонунда кўрсатилган тартибда ишсизликдан ҳимояланиш каби ижтимоий ҳуқуқларга эгадир.
Конституциянинг 38-моддасига мувофик, ёлланиб ишлаётган барча фуқаролар дам олиш ҳуқуқига эгадирлар. Иш вақти ва ҳак тўланадиган меҳнат таътилларининг муддати қонун билан белгиланган. Ушбу қоида Ўзбекистон Республикаси Меҳнат кодексида кенгайтирилган бўлиб, унга кўра, ишинг тугаши билан кейинги куни иш бошланиши ўртасидаги кундалик дам олиш вақтининг муддати 12 соатдан кам бўлиши мумкин эмас.
Дам олиш кунларида иш вақтидан ташқари вақтда ишлатиш тақиқланади. Ўзбекистон Республикаси Меҳнат кодексининг 7-моддасида Мажбурий меҳнатнинг тақиқланиши белгиланган, яъни '"Мажбурий меҳнат, яъни бирон бир жазони қўллаш билан тахдид қилиш орқали (шу жумладан, меҳнат интизомини сақлаш воситаси тариқасида) иш бажаришга мажбурлаш тақиқланади " дейилган.
Халқаро Меҳнат ташкилоти ихтисослаштирилган муассаса бўлиб, у ижтимоий адолат тамоили, халқаро тан олинган инсон ҳуқуқлари ва энг асосий меҳнат соҳасидаги ҳуқуқларини илгари суришни ўз олдига мақсад қилиб қўйган. Халқаро Меҳнат ташкилоти томонидан бугунга кадар 189 та Конвенция ва 202 та Тавсия қабул қилинган.
Ўзбекистон Республикаси Халқаро Меҳнат ташкилотига 1992 йил март ойида аъзо бўлиб, ҳозирга қадар мазкур ташкилотнинг 14 та Конвенцияси юртимизда ратификация қилинган. "Зўраки ёки мажбурий меҳнат тўғрисида"ги 29-сонли Конвенцияда ҳар қандай шаклдаги зўраки ёки мажбурий меҳнат қўлланишини бартараф этиш юзасидан мажбуриятлар киртилган. Шу масалага оид яна бир асос солувчи Конвенция "Мажбурий меҳнатни тугатиш тўғрисида"ги 105-сонли Конвенция бўлиб, унда зўраки ёки мажбурий меҳнатга жалб қилиш тақиқланади.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳккамасининг 2018 йил 10 майдаги 349-сонли "Ўзбекистон Республикасида мажбурий меҳнатга барҳам беришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида"ги Қарори қабул қилинган. Сўнги пайтларда барча даражадаги ҳокимлар томонидан таълим, соғлиқни сақлаш соҳалари ва бошқа бюджет ташкилотлари ходимларини ҳудудларни ободонлаштириш, шунингдек қишлоқ хўжалигидаги турли ишларга мажбурий жалб қилиш шаклида меҳнат қонунчилиги нормаларини бузиш билан боғлиқ айрим ҳолатлар кузатилганлиги, мансабдор шахсларнинг хизмат мавқеини суистеъмол қилиши, ходимларини қўрқитиш, уларга нисбатан ҳақоратли сўзларни ва ҳаттоки, куч ишлатиш ҳолатлари ҳам қайд этилганлиги сабабли мазкур қарорнинг қабул қилинишига сабаб бўлди.
Энди ушбу қарорга асосан ҳашарларни ўтказиш учун аниқ талаблар қўйилди, яъни умумхалқ ҳашарларини ўтказиш тўғрисида фақат Ўзбекистон Республикаси Президентининг тегишли ҳужжати ёки Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг қарори мавжуд бўлганда ўтказилади.
Ушбу қарор билан автомобиль йўлларида, ҳаракатланиш тиғиз бўлган кўчаларда, сув объектларида, қирғоқ бўйи ҳудуд ва зоналарда, қурилиш майдонларида, бино ва иншоот томларида, хавфли ишлаб чиқариш объектларида, инсонларнинг ҳаётига ва соғлиғига хавф келтирадиган жойларда ихтиёрий ташаббус билан ҳашарлар ва бошқа ишлар ўтказиш тақиқланади.
Юқоридаги асосларга кўра пахта йиғим-терим мавсумида ходимларни мажбурий меҳнатга жалб этиш, яъни пахта теришга интизомий чора кўриш ёки меҳнат шартномасини бекор қилиш билан таҳдид этган ҳолда мажбурлаш тақиқланади. Бундай ҳолатларюз берганда ЎзбекистонРеспубликаси Бандлик вамеҳнат муносабатлари вазирлигининг ҳудудий Давлат меҳнат ҳуқуқ инспекторлари томонидан тегишли чоралар кўрилиши белгиланди.
Мамлакатимиз ҳудудида мажбурий меҳнатга жалб этишни тақиқлаш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 51-моддаси белгиланган бўлиб, унга кўра қонунда назарда тутилган хҳолларни истисно этганда, меҳнатга бирон бир шаклда маъмурий тарзда мажбурлаш - энг кам иш ҳақининг бир бараваридан уч бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади. Ушбу жарималар. мажбурий меҳнат аниқланган ҳолат бўйича Давлат меҳнат ҳуқуқ инспекторлари томонидан зудлик билан қўлланилади.
Иш берувчи томонидан ходимлар қонунга зид равишда мажбурий меҳнатга ва пахта йиғим-теримига мажбурий тартибда жалб қилинганда Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносатлари вазирлигининг +998 71 200-06-02 рақамли ишонч телефонига, шунингдек телеграм мессенжеридаги @mehnathuquq_bot манзилига йўллашингиз мумкин.
Нодира ҲАСАНОВА,
давлат меҳнат ҳуқуқ инспектори.