Коррупция - тор маънода шахсга давлат томонидан берилган ваколатни муайян ҳақ ёки муайян хизмат эвазига сотишдир. Кенг маънода эса коррупция - давлатнинг ривожига тўсиқ бўладиган, фуқароларда давлат органларига нисбатан ишончсизлик уйғотадиган давлат ҳокимиятининг чириган кўринишидир. Коррупциянинг ижтимоий хавфлилиги ҳам мана шунда. Жаҳон давлатлари бу иллатга қарши у ёки бу кўринишда кураш олиб бориб, уни минимал даражага етказишга ҳаракат қилмоқдалар.
Дунё давлатлари орасида Сингапур коррупцияга қарши курашда юқори самарали натижаларга эришаётган давлат сифатида эътироф этилади. Сингапурда айнан коррупциявий жиноятларни тергов қилиш бўйича махсус бюро ташкил қилинган бўлиб, ушбу орган сиёсий ва функционал жиҳатдан мутлақо мустақил ҳисобланади. Мазкур органнинг коррупцияга қарши курашишдаги асосий вазифалари сирасига давлат сектори ва хусусий сектордаги коррупциявий ҳаракатларнинг олдини олиш ва тергов қилиш киради.
Сингапурда коррупцияга қарши курашиш сиёсатининг бош ғояси – коррупциявий жиноят субъектларининг коррупциявий ҳаракатларини содир этишларига имконият ва манфаат яратувчи ҳолат ва шароитларни бартараф этиш. Бунда давлат хизматларидан фойдаланувчи жисмоний ва юридик шахслар, мансабдорлар билан юзма-юз мулоқотга киришмаслик принципига таянилади.
Сингапур нафақат Осиё, балки кўпгина Ғарб давлатларига ҳам ўрнак бўлиб келмоқда. Сингапурда оддий фирмани давлат рўйхатидан ўтказишдан тортиб то экспорт операцияларини амалга ошириш учун талаб этиладиган тегишли расмиятчиликларгача фақат электрон тарзда амалга оширилади. Давлатнинг хусусий сектор фаолиятига аралашуви минимал даражага етказилган.
АҚШдаги полиция тизимида коррупция ҳолати деярли учрамайди. Ушбу мамлакатда “холис” тушунчаси йўқ. Полициячи ёлғиз ўзи гувоҳларни ёки жабрланувчиларни сўроқ қилиши, тинтув ўтказиши, ашёвий далилларни олиши мумкин. Унинг сўзига ишонишади. Ёлғон кўрсатма бергани учун полиция ходими 15 йилгача озодликдан маҳрум этилиши мумкин. АҚШда пора олган мансабдор шахсга олган порасининг қиймати уч баробар миқдорда ундирилиб, 20 йилгача озодликдан маҳрум этиш билан боғлиқ жазо берилади. Шундай қилиб, пораҳўрлик ва коррупцияга қарши курашиш бўйича фаолиятини, қонун ҳужжатларига мувофиқ, бошқа давлат органлари ҳам амалга оширади.
Халқаро давлатларниинг тажрибаларига назар ташлайдиган бўлсак, уларнинг қонунчилигига асосан коррупцион ҳуқуқбузарликлар бўйича жазо чораси сифатида давлатга жуда юқори суммада жарима тўланганини кўрамиз. Биргина Финландия давлатида коррупцион ҳуқуқбузарлик учун 100.000 АҚШ доллари миқдорида энг минимал жарима қўлланилади. Шу қатори кўплаб мамлакатларни кўрсатишимиз мумкин. Қонунчилигимизга шу кунга қадар кўплаб ўзгартиш ва қўшимчалар киритилди. Жумладан, санкцияларини оғирлаштириш билан бир қаторда либераллаштирилди.
Президентимиз Шавкат Мирзиёев 2017 йил 22 декабрь куни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисига Мурожаатномасида “Мамлакатимизда коррупцияга қарши самарали кураш олиб бориш мақсадида ушбу йўналишда алоҳида қонун қабул қилинди. Шу асосда аниқ мақсадларга қаратилган чора-тадбирларни ўз ичига олган давлат дастури изчиллик билан амалга оширилмоқда. Ана шундай ишларимиз натижасида жорий йилнинг 9 ойи давомида коррупция билан боғлиқ жиноятлар ўтган йилга нисбатан 33 фоизга камайди. Биз бундай натижаларни коррупцияга қарши кураш борасидаги узоқ ва давомли фаолиятимизнинг дастлабки самараси, деб қабул қилишимиз, бу йўлда янада қатъий иш олиб боришимиз шарт”, деб таъкидлади.
Мамлакатимизда ҳуқуқий демократик ва кучли фуқаролик жамияти қуриш йўлида қатъият билан борар эканмиз, бу босқич ҳар бир давлат органи ва мансабдор шахсдан чуқур масъулият ва кучли билимни талаб этади. Бугун амалга оширилаётган ислоҳатлар доирасида шахс ҳуқуқ ва эркинликлари хамда қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш ҳар қачонгидан ҳам муҳим аҳамият касб этиб бормоқда. Зеро, бугун бусиз ҳуқуқий демократик давлат ва кучли фуқаролик жамияти барпо этиб бўлмайди.
Нодир САЙФУЛЛ АЕВ,
Ўзбекистон Республикаси ИИВ
Академияси курсанти.